Спорт | 07:44 / 23.05.2018
78949
2 дақиқада ўқилади

Ботир Парпиев яна бир лавозимни тарк этди

19 май куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг навбатдан ташқари сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Давлат солиқ қўмитаси собиқ раҳбари Ботир Парпиев ассоциация раҳбарлигидан ҳам озод этилган.

Ботир Парпиев
Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойбердиев таэквондо (WTF) ассоциацияси раҳбарлиги учун шу кунгача Ўзбекистон таэквондо (ITF) миллий ассоциацияси президенти лавозимида фаолият кўрсатиб келган Лазиз Сайдивалиевич Ҳасанов номзодини кўрсатди. Баҳс-мунозаралардан сўнг Л.Ҳасанов номзоди қўллаб-қувватланган ва у Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти лавозимига сайланган.

Лазиз Ҳасанов
Фото: Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати

Янги раҳбар олдига маълум талаб ва вазифалар қўйилган. Жумладан, Лазиз Ҳасанов қисқа вақт ичида терма жамоаларга иқтидорли спортчилар етказиб бериш тизимини қайта кўриб чиқиши, мураббийлар малакасини оширишга эътиборни кучайтириши, Осиё ва Олимпия ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда ўзбекистонлик таэквондочиларнинг муваффақиятли иштирок этиши учун зарур чоралар кўриши керак бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, Ботир Парпиев ассоциацияга 2008 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётганди.

Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ишдан олингани хабар берилганди.  

Мавзуга оид