Жамият | 22:57 / 27.05.2018
42478
4 дақиқада ўқилади

Оқ ва қора: Биз икки бошли болаларни тарбиялаяпмиз

Мустақил терролог-аналитик Саид-Абдулазиз Юсупов муаллифлигида «Оқ ва қора» кўрсатувининг навбатдаги сонида бугунги кун оиласи ва унда тарбияланаётган бола руҳияти, маънавияти ҳақида сўз юритилади. 

«XXI асрни биз замонавий таҳдидлар асри, деб ўрганганмиз. Бу аср фақатгина иқтисодий бўҳронлар, иқтисодий таҳдидлар эмас, маънавий, ғоявий, мафкуравий таҳдидлар асри десак хато бўлмайди. Бугун биз яшаб турган жамиятга назар ташлаб кўринг. Ҳозир Рамазони шариф ойидамиз. Куннинг иккинчи ярмида, яъни асаблар чарчаб ҳолдан тойган, шовқин-сурон ёқмаган пайт болаларимизнинг қўлига телефон, планшет ва шунга ўхшаш нарсаларни бериб қўямиз. Муҳими – боламиз шовқин қилмаса бўлгани. Биз ўз хотиржамлигимизни мана шунинг эвазига таъминлаймиз. Аммо вақти келиб, бунинг бадали қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўряпмизми?

Бугун уч-тўрт яшар бола ўзи истаган видеони интернетдан топиб кўриш имкониятига эга. Биз айтамиз, бизнинг давримизда бундай нарсалар йўқ эди, ҳа тўғри, бундай нарсалар йўқ эди. Аммо кўчада ўйнаш, чангга, лойга ботиш, қоқилиш ва мана шулардан завқ олиш ҳозирги болаларда йўқ. Бугун улар интернетдан ўзлари истаган саволга тайёр жавоб олишяпти. Бу болани мушоҳада юритишдан маҳрум этадиган бир ҳолат. 

Эътибор беринг, интернетдан турли маълумот олаётган болалар аслида гуллар ифоридан маҳрум бўлиб қолишяпти, денгизнинг шовқинини эшитишмаяпти. Ҳаётда инсонни инсон қиладиган ички бир туйғу, ички бир дунёни шакллантирадиган ҳис-туйғулар бугун китоб орқали эмас, балки интернет орқали шаклланяпти. Бу фикрларим билан интернетга, технологияга қаршиман демоқчимасман, бу ғирт аҳмоқгарчилик бўлади. Чунки интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Мен интернет руҳиятимизнинг ажралмас қисмига айланишига қаршиман. 

Бир нарсани мисол қилайлик: бугунги кунда оёғи, қўли, қулоғи, кўзи, тили иффатли бир авлод етиштириш, бир фарзанд тарбия қилиш энг буюк жиҳодга айланди, энг буюк синовга айланди. Аслида, фарзанд Аллоҳнинг буюк бир неъмати. Энг буюк синов – энг буюк неъматда бўлади. Сизни азоблаши мумкин, айтганингизни қилмаслиги мумкин, аммо биз мана шу синовдан қандай ўтяпмиз? Бугун болангизнинг қўлига планшет бериб қўйиб, уни мушоҳададан айро қилиб қўйишингиз бутун бошли жамиятнинг, бутун бошли давлатнинг келажагини таҳликага солиш билан баробар.

Оммавий ахборот воситалари ёшларимизнинг руҳиятини бузиб турса, маънавиятини бузиб турса, бу ишларини очиқдан-очиқ қилишса, Ёшлар иттифоқи каби ташкилотлар минг тарбия бергани билан, тарбияга чақиргани билан бу нарсанинг фойдаси бўлмайди. 

Яна бир катта муаммоларимиздан бири, биз икки бошли болаларни тарбия қиляпмиз. Аллоҳ таоло Қуръонда айтадики: “Масъулият – эркакникидир”. Аксарият оилаларимизда нима бўляпти? Ота бир гап айтяпти, она бошқа гап айтаяпти. Бу бола икки бошли бола бўлиб улғаяпти, қарор қабул қилолмаяпти. Ижтимоий ҳаётга қарорсиз бир шаклда келяпти. Оилада қарор қабул қилиш отанинг масъулияти. Уни ҳаётга татбиқ этиш эса онанинг масъулиятидир.

Мавзуга оид