Иқтисодиёт | 16:34 / 28.05.2018
147472
10 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлар иш ҳақлари тўғрисида маълумот берди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий соҳа ходимларининг иш ҳақи тўловига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ва уларнинг миқдорлари тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида Молия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, 2018 йилда ижтимоий соҳани молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 35 034 млрд сўм ажратилган бўлиб, шундан 68 фоизи иш ҳақи тўловлари учун йўналтирилган. Жумладан, иш ҳақи тўловлари қуйидагича тақсимланган:

халқ таълимига – 12 169,8 млрд сўм;

олий ва ўрта махсус таълимга – 4 007,9 млрд сўм;

соғлиқни сақлашга – 6 835,3 млрд сўм;

маданият ва спортга – 741,5 млрд сўм.

Бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари (базавий) тариф ставкаларидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган устамалар ва қўшимча тўловлардан иборат.

Мисол учун:

1. Умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчисининг (малака тоифаларисиз) иш ҳақи базавий тариф ставкаси 1 133 минг сўмни ташкил этади. Синф раҳбарлиги бириктирилган ўқитувчилар учун 172,2 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов, дафтар текширишганлик учун қўшимча 86,1 минг сўм ҳамда ўртача 20 фоиз – 226,7 минг сўм (энг юқори миқдори 40 фоиз) миқдорида директор жамғармаси ҳисобидан бериладиган устамани ҳисобга олган ҳолда 1 618,8 минг сўмни ташкил этади.

Умумтаълим мактабларидаги худди шундай қўшимча тўловларга эга бўлган олий тоифали бошланғич синф ўқитувчисининг иш ҳақи олий тоифа учун қўшимча тўловларни қўшиб ҳисоблаганда 1 908,8 минг сўмни ташкил этади.

Белгиланган тўловлар билан бир қаторда чет тили ўқитувчилари учун қуйидаги миқдорларда қўшимча ойлик устамалар белгиланган:

қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида – базавий тариф ставканинг 30 фоизи миқдорида;

бошқа таълим муассасаларида –15 фоиз.

2. Олий маълумотга эга, малака тоифасиз, бир ставкада ишловчи (ҳафтасига 36 соат) мактабгача таълим муассасаси тарбиячисининг иш ҳақи моддий рағбатлантириш жамғармасидан 15 фоиз устама билан қўшиб ҳисоблаганда 999,2 минг сўмни ташкил этади. 9 соатлик иш режимида 1,25 ставкада (9 соат * 5 кун = 45 соат; 45 соат / 36 соат = 1,25 ставка) ишловчи тарбиячининг иш ҳақи миқдори 1 249,0 минг сўмни ташкил этади.

Бир ставкада ишловчи тарбиячи ёрдамчисининг иш ҳақи моддий рағбатлантириш жамғармасидан тўланадиган 15 фоизлик устама билан бирга 701,7 минг сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 28 февралдаги «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3571-сон қарорига мувофиқ 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб олий маълумотга эга тайёрлов гуруҳларидаги тарбиячилар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологларнинг базавий тариф ставкаси (моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 15 фоиз устама билан) 1 302,9 минг сўмни ташкил этади.

3. Олий таълим муассасасининг илмий даражага эга бўлмаган катта ўқитувчисининг базавий лавозим маоши 2 085,4 минг сўмни ташкил этади. Махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан ўртача 15 фоиз 312,8 минг сўм ва гуруҳ кураторлиги учун (агар кураторлик амалга оширилса) 25 фоиз 521,3 минг сўм устамаларни ҳисобга олганда ушбу катта ўқитувчининг ойлик иш ҳақи 2 919,6 минг сўмни ташкил этади.

Фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий таълим муассасаси профессорининг базавий лавозим маоши 2 408,8 минг сўм бўлиб, махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан ўртача 15 фоиз 361,3 минг сўм ва гуруҳ кураторлиги учун (агар кураторлик амалга оширилса) 25 фоиз 602,2 минг сўм устамаларни ҳисобга олганда ойлик иш ҳақи 3 372,3 минг сўмни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3655-сон қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, худди шундай устамаларни олаётган илмий даражага эга бўлмаган олий таълим муассасаси катта ўқитувчисининг иш ҳақи 3 080,0 минг сўмни ташкил этади ёки 5,5 фоизга ошади, фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий таълим муассасаси профессорининг иш ҳақи эса 4 844,0 минг сўмни ташкил этиб, 43,6 фоизга оширилади.

Олий таълим муассасаси раҳбарияти қарори билан ихтисослашган фанларни чет тилларда ўргатувчи ўқитувчига базавий лавозим маошидан 25 фоиздан 40 фоизгача устамалар белгиланиши мумкин.

Олий тиббиёт таълим муассасаларида профессор-ўқитувчи таркибига, клиник базалари ҳисобланган клиникаларда даволаш-диагностика ишларини бажарганлиги учун, эгаллаган лавозимига қараб, базавий лавозим маошига 20 – 30 фоиз қўшимча тўловлар белгиланади.

Маданият вазирлигининг олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар таркибига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устамалар (базавий лавозим маошининг 10 фоизидан 50 фоизгача) белгиланади. Масалан, 25 йилдан ортиқ ишлаган фан доктори унвонига эга бўлган профессорнинг базавий лавозим маошига (2 504,8 минг сўм) ҳар ойлик 1 252,4 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов ҳисобланади.

4. Малака тоифасига эга бўлмаган қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокорининг тариф ставкаси 960,8 минг сўмни ташкил этади ҳамда ишлаган даври учун ўрта ҳисобда 25 фоиз (энг юқориси 50 фоиз) ва моддий рағбатлантириш жамғармасидан 10 фоиз миқдорида устамаларни ҳисобга олган ҳолда унинг иш ҳақи 1 297 минг сўмга етади.

Худди шундай фоиздаги устамаларни олувчи олий тоифали умумий амалиёт шифокорининг иш ҳақи эса 37 фоизга кўпроқ ёки 1 774 минг сўмга етади.

Малака тоифасига эга бўлмаган патронаж тиббиёт ҳамшираси ишлаган даври учун ўртача 20 фоиз – 119,3 минг сўм (10 йилдан ортиқ ишласа 40 фоизгача) устама олишга ҳақли. Унинг иш ҳақи миқдори моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан оладиган ўрта ҳисобда 10 фоиз – 59,7 минг сўм устама билан 775,6 минг сўмни ташкил қилади. Агар ушбу тиббиёт ҳамширасининг олий тоифаси бўлганда, унинг иш ҳақи 53 фоизга кўпаяди ёки 1 190,8 минг сўмни ташкил қилади.

Туман марказий шифохонасида ишлайдиган малака тоифасига эга бўлмаган шифокор-хирургнинг тариф ставкаси тузатиш коэффициенти билан 989,6 минг сўмни ташкил этади. Иш стажи учун ўртача бериладиган 10 фоиз (энг кўп миқдори 20 фоиз), алоҳида меҳнат шароитлари учун 15 фоиз ва моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан ўрта ҳисобда 10 фоиз устамалар билан иш ҳақи 1 335,9 минг сўмни ташкил этади. Олий тоифага эга бўлган шифокор-хирургнинг иш ҳақи эса – 1 827,1 минг сўм.

Хирургия бўлими тиббиёт ҳамширасининг лавозим маоши худди шу шартдаги устамалар билан: малака тоифасига эга бўлмаганда – 912,3 минг сўм ва олий тоифаси бўлганда – 1 214,3 минг сўмни ташкил этади.

Тиббиёт муассасаларининг ҳар хил гуруҳларида ишлайдиган тиббиёт ходимларининг иш ҳақларини, тузатиш коэффициентларини ҳисобга олган ҳолдаги тариф ставкаларини, иш стажи учун устамаларини, соғлик учун зарарли ва ўта оғир меҳнат шароитларда ишлаганлиги учун қуйидаги

миқдорлардаги устамаларни жамлаган ҳолда ҳисоблаш мумкин:

ОИТСга қарши курашиш муассасаларида, шифокорлар-паталогоанатомларга – 75 фоиз;

сил касалликлари муассасаларида (силга қарши курашиш муассасаларида) тиббиёт ходимларига – 50 фоиз;

барча тиббиёт муассасалари лаборантлари, рентгенологлар, анестизиология-реанимация ва суд-тиббий экспертиза бўлимлари шифокорларига – 40 фоиз;

асаб касалликлари, наркология бўлимлари, патологоанотом марказлари шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари, шифокор-кардиохирург, микрохирург, шифокор-неонатологларга – 25 фоиз;

психотерапия, тери-таносил, юқумли, хирургия, травматология бўлимлари, қон қуйиш станциялари шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларига – 15 фоиз ва бошқалар.

5. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3727-сонли «Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 июнидан давлат маданият муассасалари артистлари, маъмурий-бошқарув, бадиий раҳбар, ижодий ва бошқа ходимларининг, шунингдек, давлат архивлари бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг меҳнат ҳақи миқдорлари ўртача 45 фоиз оширилди.

Вилоят даражасидаги театрда ишлайдиган биринчи тоифали артистнинг тариф ставкаси 1 296,4 минг сўм этиб белгиланди. Узоқ муддат ишлагани учун 20 фоиз (энг кўпи 40 фоизгача) миқдорида устама – 259,3 минг сўм ҳамда моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан бериладиган 15 фоиз устама – 194,5 минг сўмни билан унинг иш ҳақи 1 750,2 минг сўмни ташкил этади.

Вилоят даражасидаги музей фонд сақловчисининг лавозим маоши 1 178,6 минг сўм миқдоридаги базавий лавозим маоши ҳамда 15 фоиз миқдорида моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан бериладиган 176,8 минг сўм устама билан 1 355,4 минг сўмни ташкил этади.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази бадиий раҳбарининг лавозим маоши 1 071,5 минг сўм тариф ставкасидан, 15 фоиз – 160,7 минг сўм миқдорида моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан бериладиган устамалар билан 1 232,2 минг сўмни ташкил этади.

Юқорида қайд этилган иш ҳақи миқдорларида бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобга олинмаган, сабаби барча бюджет ташкилотлари ҳам аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш ёки ажратилган бюджет маблағларини тежаш имконига эга эмас. Бюджетдан ташқари маблағлар мавжуд ҳолларда бюджет ташкилотлари раҳбарлари қўшимча рағбатлантириш (мукофот пуллари, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқалар) учун тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Молия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақларини молиялаштириш бўйича зарур чоралар кўрмоқда ва иш ҳақларининг ўз вақтида тўланиши бўйича ҳар ойлик мониторинг олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги иш ҳақи тўловларининг тўланиш аҳволи бўйича ахборот берганди.

Мавзуга оид