Жаҳон | 00:00 / 30.05.2018
13627
2 дақиқада ўқилади

Киевда россиялик мухолиф журналист отиб кетилди

Фото: Новая Газета

Таниқли россиялик журналист ва ёзувчи Аркадий Бабченко Киевдаги уйида отиб кетилди. «Громадьске» нашри журналисти Ирина Ромалийскаянинг маълумот беришича, қотил унга орқа томондан туриб ўқ узган.

Ушбу маълумот, Украина ИИВ раҳбари маслаҳатчиси, депутат Антон Геращенко томонидан ҳам тасдиқланди. 

Киев Миллий полицияси матбуот хизмати раҳбари Оксана Блищик исмини айтмаган ҳолда 1977 йилда туғилган, телеканал бошловчиси бўлган журналист ўлими ҳақида хабар берган. Блищикнинг қўшимча қилишича, полицияга тез тиббий ёрдам машинасида кўп қон йўқотиш оқибатида жон берган марҳум ёнидаги аёл қўнғироқ қилган. Қотиллик Никольско-Слободской кўчасида содир этилган.

Бундан олдинроқ журналист Айдер Муждабаев ҳам ҳамкасби Киевдаги шифохонага оғир аҳволда олиб кетилгани тўғрисида хабар берганди.

«Аркадий Бабченкони, уйида, ортдан туриб отиб кетишди. Шифохонага олиб кетишган. Йўлдаман», — дея ёзган Муждабаев фейсбукдаги саҳифасида.

Чечен уруши вақтида армияда хизмат қилган Аркадий Бабченко ҳарбий журналист ва ёзувчи сифатида танилганди. У бир неча йил мобайнида «Новая газета» билан ҳарбий корреспондент сифатида ҳамкорлик қилган,  Art of War журнали муаллифи ҳисобланади.

Ўзини Россия ҳукуматига мухолиф сифатида эълон қилган журналист 2017 йилда Украинага кўчиб ўтганди. У «Журналистика без посредников» лойиҳаси асосчиси ҳисобланади.

Мавзуга оид