Ўзбекистон | 19:27 / 30.05.2018
15951
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Росатом» бош директорини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган «Росатом» Атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашга хизмат қилаётган юқори ва олий даражадаги доимий алоқаларни чуқур мамнуният билан қайд этди.

Товар айирбошлаш ҳажми, инвестиция, энергетика, саноат, транспорт ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳалар биргаликда амалга оширилмоқда, минтақалараро фаол мулоқот олиб борилмоқда, маданий-гуманитар алоқалар жадал ривожланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокаралар давомида илм-фан ва юқори технологиялар соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришга, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот институтлари ҳамда инновацион марказлари ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, хусусан, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ўтган йили имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим доирасидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Биргаликдаги дастур ва лойиҳалар доирасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича мунтазам ишларни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв самимий қабул учун давлат раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди, Россия Федерацияси раҳбарияти номидан самимий тилакларни етказиб қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россия томонининг икки мамлакат ва халқлар манфаати йўлида энергетика соҳасидаги кенг кўламли шериклик ва ўзаро манфаатли илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиши ва тайёрлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мавзуга оид