Ўзбекистон | 18:48 / 31.05.2018
43963
6 дақиқада ўқилади

97-қарор: рўйхатдан тушиб қолаётганлар ва уй бузилиши маш-машалари

Фото: KUN.UZ

Таҳририятимизга Tashkent City​ ҳудудида бузилган хонадонларда истиқомат қилган, ҳозирда уйсиз фуқаролардан бир қанча мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатлар билан танишиб, ғализ савол пайдо бўлиши мумкин: қурилиш майдонлари жойлашган Шайхонтоҳур ҳокимияти мутасаддилари эски маҳаллаларда рўйхатда турувчиларнинг сонини билмайдими ёки аҳоли асоссиз эътироз билдирмоқдами? Шундайлардан бири, И.Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчаси, 98/11 уй, 5 хонадонда рўйхатда турувчи Мадина Бичурина масалага аниқлик киритилишини сўраб мурожаат қилди.

Унинг айтишича, бузилиши режалаштирилаётган объектлар рўйхатига ўзи истиқомат қиладиган 2 хонали хонадон ҳам киритилганди. У ерда Мадинанинг онаси Н.Бичурина, укаси С.Бичурин ва қизи С.Усмонова билан биргаликда рўйхатда туришган. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида уй берилиши бўйича ташкил этилган комиссия хулоса чиқарган. Унга кўра, оилага кафолат хати билан 11.200000 сўм компенсация пули берилган. Уй бузилиши эвазига Яшнобод туманида Обод макон турар жой мажмуасидан 3 хонали турар жой ажратилди.

М.Бичуринанинг айтишича, кафолат хатида у ва қизининг номи келтирилмаган. Бунинг сабабини сўраганида, хонадонда доимий яшамаганлиги айтилган.

 «Мен шароитимиз оғир бўлганлиги учун яшаб турган жойни бир йил давомида ижарага бериб, қизим билан арзонроқ уйда вақтинчалик ижара асосида истиқомат қилганмиз», дейди Бичурина.

Бизга маълум бўлишича, Мадина аслида ижарада яшаб, шахсий уйини бошқа кимсага ижарага топширган. Шу туфайли, М.Бичурина қизи билан ўзига алоҳида уй сўраб комиссияга ариза ёзган. У ушбу масала бўйича 2017 йил 21 декабрда Шайхонтоҳур ҳокими Б. Ғойибназаров қабулида ҳам бўлганлигини таъкидлади. Ҳоким муаммо тез орада ўрганиб чиқилишини айтган ва 25 декабрда мурожаатига ёзма жавоб хати келди. Унда мурожаат комиссия тартибида кўриб чиқилиши тушунтирилган. Президент Виртуал қабулхонасидан ва Бош Прокуратурадан ҳам худди шундай жавоб келган. М.Бичурина комиссиянинг ишлаш тартибидан норозилигини, ҳалигача комиссия қарорини кутаётганлигини баён этди.

Масалага ойдинлик киритиш учун ишни фуқаро истиқомат қилган Шайхонтоҳур тумани «Ўқчи-Олмазор» МФЙ идорасида вазиятни ўрганишдан бошлашга қарор қилдик. Маҳалла раиси У.Алимардонова билан учрашиб, М.Бичуринага уй бериш масаласи бўйича савол берганимда, ҳудуддаги барча уйлар бузилганидан сўнг, комиссия қарори чиқишини айтди. Шу ўринда М.Бичуринанинг оилавий ҳаёти ҳақида ҳам сўрадик. Раис М.Бичуринани И.Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчаси, 98/11 уй, 5 хонадонда рўйхатда туришини тасдиқлади. Лекин у ерда доимий яшамаганини, бувисиникида турганлигини айтди. Онаси ҳақиқий уй эгаси бўлганлиги ва укаси унга васий бўлганлиги учун уларга уй берилганлигини тушунтирди. Маҳалла раиси гаплари орасида бу хонадонда анча йиллар давомида ижарачилар яшаганлигини қўшиб кетди.

Изланишимиз кейинги манзили Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги бўлди. «Ўқчи-Олмазор» маҳаллаларидаги уйлар бузилиши ва шу каби масалаларга бевосита масъул бўлган туман ҳокими ўринбосари А.Нажмиддинов билан боғландик. Ундан М.Бичурина мурожаати бўйича изоҳ беришини сўрадик. Ҳоким ўринбосари қуйидагича жавоб берди:

“Уй-жой берилиши масаласини туман ҳокими, ўринбосари, маҳалла раиси,юристлар ва бир қанча соҳа мутахассисларидан иборат комиссия кўриб чиқади. Жараён икки босқичдан иборат. Биринчисида ҳақиқатан шу ерда рўйхатда турувчи ва доимий яшаб келаётган фуқаролар масалалари кўриб чиқилмоқда. Иккинчи босқичда эса рўйхатда турадиган, лекин истиқомат қилмайдиганларга уй-жой берилиши кўриб чиқилади. Биз ҳозир биринчи босқичдамиз. 8 май ҳисоботига кўра, ҳали уй берилмаган 551та оила бор. Комиссия биринчи навбатда, уларнинг масаласини ҳал қилади. Шундан сўнг фаолиятимизнинг иккинчи босқичига ўтамиз. М.Бичурина шу рўйхатга киритилган. Комиссия фуқаронинг оилавий шароитини ўрганиб чиқиб ўз хулосасини айтади”.

М.Бичурина билан суҳбат жараёнида бир жиҳат эътиборимизни тортди: Ҳоким қабулида бўлган пайтда М.Бичуринага Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер-участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида» 97-сонли қарори иловасида жисмоний шахс доимий рўйхатда турувчи жойда 6 ойдан кўпроқ вақт яшамаган бўлса, ўз-ўзидан рўйхатдан чиқарилади, деб жавоб берилган. Қарор иловаси матни билан тўлиқ танишиб чиқдим. Лекин унда юқорида айтилган банд мавжуд эмаслигини аниқладим. Ҳоким ҳужжатдаги бандлардан хабардормикан?

Дўппини бир четга суриб, масалага иккинчи томондан назар солайлик: уй берилган бўлса, компенсация қопланган бўлса, энди доимий яшамай келган ҳар битта оила аъзолари ҳам «шу баҳонада» уй-жойли бўлиб кетиши керакми? Бу қонуний «ноинсофлик» эмасми?

Энг асосий масала эса комиссия фаолиятига бориб тақалади. Агар комиссия ишчи гуруҳи ўз фаолияти юзасидан аҳолига доимий ҳисобот бериб борса, шаффофлик таъминланса, ўйлаймизки, бу каби кўнгилсизлик ва тушунмовчиликлар юз бермайди.

Муҳаббат Маъмирова,
Манзура Сайфиддинова

Мавзуга оид