Ўзбекистон | 17:47 / 31.05.2018
8619
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари агентлигини ташкил этиш зарурияти нега пайдо бўлганди?

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхоналар фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг, аҳоли мурожаатларининг таҳлили Давлат хизматлари агентлигини ташкил этишга зарурият яратди, деб таъкидлайди агентлик директори ўринбосари Нўмон Муҳаммадиев.

30 май куни маҳаллий ва хорижий экспертлар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар консепцияси ижросининг дастлабки натижаларини муҳокама этишди. Шулардан бири, Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши ва унинг фаолияти бўйича бўлди.

«Қабулхоналарга келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида расмиятчилик, оворагарчилик, сансалорлик, коррупция ва бошқа муаммолар кўплиги юзага чиқди», дейди директор ўринбосари.

Муҳаммадиевнинг айтишича, давлат хизматларини янги шаклда тақдим этишдан фақат юридик шахслар фойдаланиши мумкин эди. Бу ўз навбатида фуқароларнинг давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ турли масалаларни пайдо қилиб келган.

«Айрим давлат органларидаги ахборот ресурсларида маълумотлар омбори мавжуд бўлмагани, маълумот алмашинуви идоралараро паст даражада интеграциялашуви - давлат хизматларининг тезкорлиги ва сифатига салбий таъсир қилган», дейди у.

Шу ўринда хизматлар учун белгиланган нархларнинг қимматлиги, мураккаб ва бюрократик йўлдан расмийлаштиришгача бўлган босқичлар қайта кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Маълум қилинишича, республика бўйлаб агентликнинг жойлардаги марказларида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб 60 турдан ортиқ хизматлар фаоллаштирилган бўлса, йил сўнгига қадар уларнинг сони 87тага етиши кутилмоқда. Босқичма-босқич бу рақам 2020 йилга келиб, 160тани ташкил этиши назарда тутилган.

Мавзуга оид