ЎФА баёноти: “Ифтихор” ФК директори ва катта мураббийи футболдан бутунлай четлатилди
KUN.UZ таҳририяти Ёшлар иттифоқи васийлигида фаолият юритувчи “Ифтихор” футбол клуби мутасаддилари томонидан жамоанинг икки ҳимоячиси Турсунбой Ҳусанов ва Ҳасанбой Эргашевларни аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар бериб, икки футболчи билан тайёрланган суҳбатни ўз ўқувчиларига ҳавола қилган эди.
Бугун, 1 июнь куни Ўзбекистон футбол Ассоциацияси айни дамда "Ифтихор" футбол клуби директори Аҳрор Эргашевнинг клуб футболчиларига нисбатан тажовузкор хатти-ҳаракатларни амалга оширгани юзасидан баёнот берди.
Унга кўра, Аҳрор Эргашев ҳамда клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоевнинг ушбу хатти-ҳаракатлари асосида суриштирув ишлари бошланган ҳамда ушбу ҳолат юзасидан айни дамда текширув давом этмоқда.
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ўзбек футболида бундай хунук ҳолатлар кузатилмаслиги лозимлигини таъкидлаган.
“Юртимизда футболни ислоҳ қилиш, уни янги даражага олиб чиқиш, ўзбек футболи довруғини дунёга ёйиш йўлида катта ишлар бошланганидан барчанинг хабари бор. Ҳукумат даражасида футболимизга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда кўнгилни хира қиладиган бундай ҳолат юз берганини асло ёқлаб бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч бир футболчига нисбатан клуб раҳбариятининг куч ишлатишга ҳақи йўқ,— дейди Умид Аҳмаджонов.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, “Ифтихор” футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ва клуб катта мураббийи Нодир Қўзибоев ҳар қандай футбол фаолияти олиб боришдан бутунлай четлатилди.
Мавзуга оид
12:54 / 19.06.2024
Жиззахда одам ўлимига сабаб бўлган талаба Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод қилинди
18:15 / 08.11.2021
Ёшлар иттифоқи ҳудудий сектор ёшлари ва раҳбарлари иштирокида китобхонлик танлови ўтказади
16:00 / 19.04.2021
Ёшлар иттифоқи раҳбариятида лавозим ўзгаришлари амалга оширилди
08:09 / 07.04.2021