Ўзбекистон | 10:29 / 05.06.2018
164957
8 дақиқада ўқилади

2018 йил 1 июндан нима ўзгарди?

Лицензиялар сони анча камайди; айрим ташкилотларга солинадиган солиқлар пасайтирилди; корпоратив ҳайдовчилар хусусий курсларда малака оширишлари мумкин ва 1 июндан амал қила бошлаган яна 6 та янгилик, деб ёзади Norma.
 
Биринчиси. Бизнес соҳасидаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари камайди. 7 турдаги лицензия ва 35 та рухсат берувчи ҳужжатлар тўлиқ бекор қилинди. Айримлари – бирлаштирилди, энди бир йўла бир нечта лицензия (рухсатнома) расмийлаштиришга зарурат йўқ – битта ҳужжатнинг ўзи кифоя. 15 турдаги лицензия ва 35 та рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилиб, уларни олиш жараёни жадаллаштирилди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас.
 
Айрим турдаги фаолиятга лицензия бериш функциялари Вазирлар Маҳкамасидан қуйи турувчи идораларга ўтказилди. Баъзи лицензия ва рухсатномаларни республика органлари ўрнига энди уларнинг ҳудудий бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўрнига – туман (шаҳар) ҳокимликлари беради. Бу ҳам зарур ҳужжатларни олиш жараёнини тезлаштириб, қоғозбозликни камайтиришда ёрдам беради.
 
Айрим лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш жараёни соддалаштирилди. Асосан аризачилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди.
 
Энди бериладиган лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмайди. Қуйидаги ҳуқуқни берадиган лицензиялар бундан мустасно:

• тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга ошириш – 5 йил;
• гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш – 5 йил;
• кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш – 15 йилгача, бироқ камида 5 йил, шунингдек телерадиоэшиттиришларни тарқатиш – 5 йил;
• нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотиш – 5 йил.
 
Иккинчиси. Энди тадбиркорлик субъектлари, илгари мажбурий бўлган экспорт шартномасини тузмасдан ва экспорт учун банк комиссиясини тўламасдан, электрон савдо интернет-майдончалари орқали товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт қилишлари мумкин. Ушбу қоида татбиқ этилмайдиган айрим товарларни Вазирлар Маҳкамаси белгилаши керак. Айни пайтда ҳамма фойдалана оладиган бундай рўйхат йўқ. 
 
Бунда тадбиркорлар томонидан электрон тижоратдан фойдаланиш орқали сотиладиган товарлар айланмаси уларнинг ҳажмидан қатъи назар, чакана савдо ҳисобланади. Бу, масалан, улгуржи савдога лицензия олиш заруратини истисно этади.
 
Учинчиси. Айрим ташкилотларнинг солиқ юки камайтирилди:
 
а) концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган, юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан, норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган микрофирма ва кичик корхоналар учун ЯСТ ставкаси 30%дан 5%гача пасайтирилди.
 
б) меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи ННТ учун ЯИТ ставкаси 15%дан кўп бўлмаган миқдорда белгиланди.
 
Йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмасдан ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилади.
 
Тўртинчиси. 1 июндан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчилари давлат таълим муассасалари ёки таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган хусусий ташкилотларда малака оширишлари мумкин. Аввалига юридик шахсларга тегишли транспорт ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича алоҳида ҳуқуқ «Avtotest Report» МЧЖга ва камида 51%и унга тегишли бўлган ташкилотларга берилган эди.
 
Эслатиб ўтамиз, корпоратив автотранспорт ҳайдовчилари 2 йилда 1 марта малака оширишлари шарт. Бу якка тартибдаги тадбиркорларга ҳамда қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини бошқараётган бошқа фуқароларга тегишли эмас.

Бешинчиси. Давлат хизматини олишни кўзлаётган барча шахслар Давлат хизматларининг ягона реестрига кириб кўришлари мумкин. Шу тариқа уни қаерда олиш мумкинлигини билиб оладилар: умумий сонидан (444 та хизмат тури) 31 таси давлат хизматлари марказларида (собиқ «ягона дарча» марказлари), қолганлари эса – бевосита вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари, нотариал идоралар ва бошқа органлар томонидан кўрсатилади. Шунингдек реестрда хизмат пулли ёки бепул эканлиги қайд этилган. Бироқ энг асосийси – муайян хизмат рўйхатда бўлмаса – у кўрсатилмайди, бу тақиқланган.
 
Шуниси қизиқарлики, бутун мамлакат бўйлаб 14 та давлат хизматлари марказида тажриба ўтказила бошлади. Уларда 70-100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатилади. Бу марказларга стандарт тарзда кўрсатиш буюрилган хизматлардан анча кўп, бинобарин, улар бошқа давлат органлари бажарадиган ҳажмни қисман зиммаларига оладилар. Пойтахтдаги Юнусобод тумани Давлат хизматлари марказида тажриба ўтказилади. Натижаларга кўра, бир йилдан сўнг қолган барча давлат хизматлари марказларининг юкини ошириш мумкинлиги масаласи ҳал этилади.
 
Олтинчиси. Пиво, ароқ ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун йиғим тўлашлари шарт. Улар соҳа вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Улар ишлаб чиқарадиган маҳсулот қиймати ошиши эҳтимолдан холи эмас.
 
Тўғри, йиғимларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби ҳали тасдиқланмаган. Молия вазирлигига Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уни қабул қилиш вазифаси топширилган.
 
Еттинчиси. Ёзнинг илк кунидан бошлаб телекоммуникация соҳасидаги қонунбузарликлар учун молиявий санкциялар (жарималар)нинг янги миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби амал қила бошлайди. 
 
Саккизинчиси. 1 июндан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри ишга туширилади. У мазкур шахслар, тайинланган пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва берилган имтиёзлар тўғрисидаги комплекс маълумотларни ўз ичига олади.
 
Реестр мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш, давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини амалга ошириш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини беради.
 
Тўққизинчиси. ННТ фаолиятига доир айрим жиҳатлар ўзгарди:

• рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТнинг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади;
• хорижий донорлардан ёхуд уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади;
• Ўзбекистондаги ННТ учун ажратилган грант маблағлари уларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади;
• жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 20%идан 30%игача ошди;
• ННТнинг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.
 
Яна бир янгилик. Энди нодавлат ташкилотлари фуқароларни Ўзбекистон ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳамюртларимизни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия бўлиши зарур. Бироқ уни олиш тартиби ҳали тасдиқланмаган. Бунинг устига, айни пайтда ушбу йўналиш Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ҳам киритилмаган.

Мавзуга оид