Спорт | 16:31 / 06.06.2018
9865
12 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Эрон

ЭРОН ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: «Форс шаҳзодалари»
Конфедерация: ОФК
ФИФА рейтингидаги ўрни: 21
Либос ранги: оқ/қизил
Жамоа сардори: Масуд Шожаи
Осиё чемпиони: 1968, 1972, 1976
Жаҳон чемпионати: 5-марта финал босқичида қатнашмоқда
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган: Жавод Некунам (151)
Терма жамоа тарихида энг кўп гол урган: Али Дайи (109)
Тарихдаги энг йирик ғалаба: Гуам - 19:0 (2000)
Тарихдаги энг йирик мағлубият: Туркия - 1:6 (1950)

Тарихи

ФИФАнинг жаҳон чемпионатларига нисбатан ўз сиёсатини ўзгартириши қатнашчилар сонининг ошиб боришига ва шунингдек, кучли Европа жамоаларининг ўз ўринларини Осиё ёки Африка мамлакатларига бўшатиб беришларига тўғри келди. ЖЧ-78 саралашларидан бошлаб, мундиал саралашларида минтақавий зоналар пайдо бўлди, Осиё ва Африка терма жамоаларига ҳам кўпроқ ўрин тега бошлади. Масалан, олдинги жаҳон чемпионатида Осиё ва Австралия учун 1, Африка учун ҳам атиги 1 ўрин берилганди.

Саралаш босқичидаги реформалар натижасида дунё Эрон терма жамоасини таниди. Балки аслида сабаб фақат бу омилда ҳам эмасдир, чунки агар эронликларнинг 70-йиллардаги натижаларига қарасангиз, ўша жаҳон чемпионатида Эрон қатнашмаса бўлмаслигини тушунасиз. ЖЧ-78 турниридан олдин бўлиб ўтган сўнгги уч Осиё кубогида Эрон чемпион бўлганди. 1976 йилда Эрон Осиё ўйинларида ҳам ғолиб чиқди. Ҳатто ўша 1976 йили Эрон Олимпидада ҳам муносиб иштирок этиб, чорак финалгача чиқиб борганди. Бу натижаларнинг мантиқий давоми сифатида, Эрон 1977 йилда бўлиб ўтган саралашнинг ҳал қилувчи босқичини кўтаринки руҳда ўтказди. Осиёдан Жанубий Корея, Хонгконг ва Кувайт, шунингдек, Австралия терма жамоалари иштирок этган гуруҳда форслар 8 ўйинда бирорта ҳам мағлубиятга учрамади ва тарихда биринчи бор мундиал йўлланмасини қўлга киритишди.

Фото: Wikipedia

Ўша дебют жаҳон чемпионатидан ҳам, 2006, 2014 йиллардаги жаҳон чемпионатларидан ҳам эронликларда ёрқин хотиралар йўқ деса ҳам бўлади. Бутун дунёга ўзини намойиш қила олган энг муваффақиятли мусобақа сифатида улар ЖЧ-98 ни эслайдилар.

Тўғри, ўшанда ҳам Эрон гуруҳ босқичидан ўта олмаганди. Аммо АҚШга қарши ўйин ҳақиқий жангга айланиб кетган, бу ўйиндаги 2:1 ҳисобидаги ғалаба Али Дайи, Багери, Азизи каби футбол юлдузларининг Эронда қаҳрамонга айланишлари учун кифоя бўлганди. Сабаби, айнан ўша йилларда Эрон ва АҚШ мамлакатлари ўртасидаги сиёсий зиддиятлар энг авж паллага келган, бу ўйин эса, футболдан ҳам, гуруҳ босқичидан ҳам, умуман чемпионликдан ҳам муҳим даражага келиб қолганди. Ўша ғалаба эронликлар учун ҳалигача жаҳон чемпионатлари финал босқичидаги ягона зафар бўлиб турибди.

Карлос Кейруш даври

Фото AP

Карлос Кейруш деганда кўпчилик «Манчестер Юнайтед»даги Фергюсоннинг ёрдамчиси сифатида билишсада, аслида унинг Англиядаги фаолиятидан аввалги даври ҳам эътиборга молик. Айниқса, 80-йиллар охирида у Португалия ёшларини икки карра жаҳон чемпиони қилгани (Фигу ва Руи Кошта авлоди) ва 1991 йилда Португалия бош жамоасига тайинланганини кўпчилик билмаса керак.

Кейинчалик у «Спортинг»ни бошқарди, ЖАР терма жамоасини ЖЧ-2002 турнирига олиб чиқди, у ердан истеъфога чиқарилгач, Манчестерда ишлай бошлади. Мадриддаги омадсиз бир йилдан кейин ҳам Фергюсон олдига қайтган Кейрушнинг Криштиану Роналдунинг шаклланишида ҳиссаси катта эканини айтишади.

Португалия терма жамоасидан истеъфога чиққан Карлос Кейруш 2011 йилда Эрон терма жамоасини бошқаришга розилик беради. Бу келишув ҳар икки томонга ҳам фойдали бўлди деб айтиш мумкин. Айниқса Эронга. Кейруш бошчилигида Эрон чинакамига Осиёнинг етакчиларидан бирига айланди, айниқса, саралаш ўйинларида икки сафардан бери ўта ишончли ўйнаяптики, сўнгги босқичларда гуруҳдош бўлганимиз учун, биз ҳам Эроннинг кучини жуда яхши ҳис қилганмиз.

Кейруш бошчилигидаги Эрон балки бироз прагматик ўйин намойиш этаётгандир, бир пайтлар Али Дайи, Азизи, Багери пайтидаги романтика йўқдир, аммо бугунги таркибдан келиб чиққанда, яъни у даражадаги ёрқин футболчилар йўқлигини ҳам эътиборга олсак, Кейруш жамоа билан оптимал натижага эриша олмоқда.

Кейрушнинг Эрон федерацияси билан зиддиятга боргани ва ҳатто жаҳон чемпионатидан олдин ҳам уни истеъфога чиқариб юборишлари мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳатто мундиалдан сўнг у Ўзбекистонга келиши мумкин деган маълумотлар ҳам пайдо бўлди. Лекин сўнгги маълумотларга қараганда, икки тараф келишиб олишган ва балки Кейруш Эронда ишлашда давом этишиям мумкин. Эсингизда бўлса, 2015 йилда ҳам Кейруш истеъфога чиқишини эълон қилиб юборган, аммо бир неча кун ўтгач, яна Эронда қолиши маълум бўлганди.

Бугунги Эрон: «Легионер юлдузлар»

Фото AFP

Кейруш даврида аслида «таги эронлик» бўлган бир қатор футбол юлдузлари терма жамоага жалб қилиниб, асосий кучга айланиб борди. Масалан, Ашқон Дежага Германияда ўсиб улғайган, «Ҳерта» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Германиянинг 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган барча терма жамоаларида ўйнаб чиққан. Ҳатто «Волфсбург» билан бирга Бундеслигада ғолиб ҳам чиққан. 2012 йилда унга Эрон терма жамоасидан таклиф тушди ва Ашқон розилик берди. Ўтган олти йилда у 45 маротаба терма жамоа либосини кийди, Эроннинг етакчи футболчиларидан бирига айланди.

Ризо Гучаннажод эса, болалигида оиласи билан Нидерландиядан қўним топган. «Ҳеренвен» мактабида таҳсил олди, ушбу клубдан ташқари бир қатор Нидерландия, Англия, Бельгия жамоаларида тўп сурди. Ўтган мавсумда яна «Ҳеренвен»га қайтиб, 20 гол билан жамоанинг ҳужумдаги асосий кучига айланди. У ҳам Дежага сингари, 7 йил Нидерландиянинг турли ёшдаги терма жамоаларида ўйнаб чиқди ва 2012 йилда Эрондан таклиф олди. Эрон сафида 42 ўйинда майдонга тушиб, 17 гол уришга ҳам улгурди. Айнан Ризонинг голлари Эронга ЖЧ-2014 саралашида ҳам ёрдам берган, Бразилиядаги эронликлар урган ягона голига ҳам айнан Ризо муаллифлик қилганди.

Ўтган мавсумда Нидерландия чемпионатида тўпурарлар пойгасида бошқа бир эронлик ҳужумчи Алиризо Жаҳонбахш ғолиб чиқди. У «АЗ» таркибида 21 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилди ва 14 марта шерикларига голли пас узатди. Жаҳонбаҳш Эронда туғилиб ўсган ва илк футбол сирларини ўрганган бўлсада, у ҳам 20 ёшида Европага келганди ва «НЕК» клуби таркибида ўйнаб, Европа футболи ҳавосида шаклланганди. Эронликларнинг ҳужум чизиғидаги асосий қуроли айнан Алиризо Жаҳонбахш бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Шуни таъкидлаш лозимки, барибир, бу футболчилар юқорида эсга олинган Дайи, Азизи, Багери ёки Некунам каби футболчилар билан бошқа ўлчамлардаги футболчилардек кўринади. Йўқ, савия жиҳатидан балки ҳозиргилар кучлироқдир, аммо кўп жиҳатдан бу футболчилар ўзларини Европа майдонларида кўрсатишган, эски юлдузлар эса, айнан Эрон футболи, Эрон терма жамоаси билан боғлдиқ ёрқин лаҳзаларни яшашганди. Ризо ёки Ашқон том маънода мамлакатда қаҳрамонга айланишни истасалар, нафақат Европада, балки Эрон терма жамоасида ҳам порлашлари керак бўлади. Россиядаги мундиал убу футболчилар учун балки сўнгги имконият бўлиши мумкин.   

Мана шу юқорида санаб ўтган ўйинчилар ҳам Кейруш жамоасида яққол ажралиб туришмайди. Эроннинг асосий кучи таркибдаги мувозанат ва тартибли ўйинда деб бемалол айтиш мумкин. «Олимпиакос» таркибида тўп сурадиган ҳужумчи Карим Ансорифард, Қурбон Бердиевнинг ёқимтойи Сардор Азмун, тажрибали ярим ҳимоячи Эҳсон Ҳайсафи каби футболчилар ҳам тилга олинганлардан сира кам эмас.

Кейруш Эронда асосан 4-1-4-1 схемасини қўлласада, бу исталган пайтда 4-3-3 га айланиб, ҳужумкорлик касб этиши мумкин. Қанотларда ёрқин ва тезкор ҳужумчилар бор эканини унутмаслик керак. Аммо барибир Кейруш жамоанинг асосий устунлиги ҳимоядир. Эрон қаторасига 12 ўйинда ўз дарвозасидан гол ўтказмай, 1121 дақиқа «қуруқ серия»га эришганди. Бу натижа саралаш ўйинларининг мутлақ рекорди саналади.

Жамоа сардори: Яна Маъсуд Шожаи

Фото AFP

1984 йилда туғилган, ҳужумкор ярим ҳимоячи. Маъсуд «Сайпа» футбол клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У кўпроқ Испаниянинг «Осасуна» клубидаги фаолияти билан танилган. 2008 йилда ўша пайтларда БААда «Шаржа» сафида тўп сураётган 24 ёшли ярим ҳимоячи испан скаутларининг назарига тушиб қолади. «Осасуна» ўзи учун у қадар кичик бўлмаган 6 миллион евродан воз кечади ва эронлик футболчини қўлга киритади.

Шожаи бу жамоа сафида 5 йил тўп сурди ва 100дан ортиқ ўйинда майдонга тушди. Кейинчалик эса, икки йил «Лас Палмас» шарафини ҳимоя қилди. Орада бир қатор араб клубларида тўп сурган Шожаи 2016 йилда Грециянинг «Паниониос» клуби билан шартнома имзолади. У ердаги омадли мавсумдан сўнг, Грециянинг бошқа клуби АЕК билан олти ойлик шартнома имзолади. Маъсуд янги клубида 24 рақамни танлади. Сабаби, 2015 йилда вафот этган эронлик футболчи Хади Норузи айнан шу рақамда тўп сурарди.

Терма жамоа сафида Маъсуд 2004 йилда дебют қилган. 2006 йилдаги мундиалда атиги бир ўйинда захирадан майдонга тушган бўлса, 2014 йилда, энди у анча тажрибали футболчи эди. Кейруш дастлабки ўйинда Нигерияга қарши иккинчи бўлимда тушган бўлса, кейинги икки ўйинни асосий таркибда бошлади.

2017 йилдаги бир воқеа Шожаининг Эрон терма жамоасидан бутунлай четлаштирилишига сабаб бўлиши мумкин эди. Гап шундаки, у клуби билан бирга Европа Лигасида Исроилнинг «Маккаби» жамоасига қарши ўйинларда майдонга тушади. Эрон эса Исроилни тан олмаган, бу давлат билан ҳар қандай ҳолатда мусобақалашиш эронлик спортчиларга тақиқланган. 2018 йилнинг мартида Кейруш уни терма жамоага қайтарди ва ҳатто сардорлик боғичини берди. Аммо эронлик амалдорлар ҳали ҳам футболчининг дисквалификация қилиш ўтида ёнмоқда.

Шундай бўлсада, Кейруш уни Россияга борадиган якуний таркибга киритди ва сардорлик боғичи ҳам яна унга топширилди.

ЖЧ-2018

Россиядаги рақиблар борасида Эроннинг қуръада омади юришмади. Форслар сўнгги икки Европа чемпионати ғолибларига қарши тўп суради. Аммо илк ўйин Марокаш терма жамоасига қарши кечиниши инобатга олсак, бу ўйиндаги ғалаба эронликларга кейинги учрашувларда мадад бўлиши мумкин. Илк ўйин 15 июнь куни Санкт Петербургда бўлиб ўтади.

20 июнь куни Кейруш шогирдлари Испания билан Қозонда куч синашишса, сўнгги тур Саранскда бўлиб ўтади. Шу куни Эрон Португалия билан орани очиқ қилади. 

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид