Ўзбекистон | 22:52 / 06.06.2018
7289
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк марта Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади

Фото: uzedu.uz

2018 йил 19–23 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида илк маротаба умумий ўрта таълим мактабларининг 10–11синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанларидан Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчилар учун хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишдан иборат.

Мустақиллик йилларида иқтидорли ўқувчилар 50дан ортиқ турли халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, 300га яқин медални қўлга киритган бўлсада, бироқ шу кунга қадар Ўзбекистон ўзининг нуфузли халқаро олимпиадасига эга бўлмаган.

Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадада дунёнинг қатор давлатидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Унда ҳар бир иштирокчи давлатдан 6 нафар ўқувчи (3 нафари физика, 3 нафари астрономия фанидан) ҳамда икки нафар жамоа раҳбаридан иборат гуруҳ иштирок этиши белгиланган.

Халқаро олимпиада икки босқичда: назарий ва экспериментал босқичда ўтказилиб, олимпиада материаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади.

Ҳакамлар ҳайъати физика ва астрономия фанларидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан  иборат.

Ушбу халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.    

Мазкур халқаро олимпиада кейинчалик икки йилда бир маротаба умумтаълим муассасаларининг 10–11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид