Ўзбекистон | 17:43 / 09.06.2018
228378
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёшлар Ёшлар иттифоқининг йўлтўсар раисидан истеъфо сўрайди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев 5 июнь куни оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувдаги гапларидан кейин интернет юлдузига айланди.

У дабдабали тўйларни жамиятдаги асосий муаммолардан бири сифатида тилга олиб, бунда ўзини ва ўзи раҳбар бўлган ташкилотни айбдор санади ҳамда бу айбини бир қадар ювиш учун амалга оширган «қаҳрамонлиги» билан «мақтанди»: «Водийда юрганимда кўчада тўй кортежини кўриб қолдим. Шунда машиналарни ҳаммасини тўхтатдим-да, келин билан куёвни тушириб, таксига ўтқазиб, жўнатиб юбордим. Қолган машиналарни эса орқага қайтардим. Шунақанги дабдаба энди, кўчада ҳеч кимга йўл бермайди. Майли, мени ёмон кўрсин, Ёшлар иттифоқининг вилоят бўлими раҳбарини ёмон кўрсин, лекин тартиб керак-ку! Агар ёшларни биз тарбиялай олмасак, Ёшлар иттифоқи тарбиялай олмаса биз жойимизни бўшатиб беришимизга тўғри келади».

Икки кундирки, ижтимоий тармоқда Қуронбоевнинг бу қилмиши қаттиқ танқид остига олиниб, эътирозлар билдирилмоқда, Ёшлар иттифоқи ва унинг раҳбари ҳақида азалдан салбий фикрда бўлганлар уни аёвсиз танқид қилиши билан биргаликда, у ҳақда ижобий фикрда бўлган ёшлар ҳам энди ундан ҳафсала пир бўлгани ҳақида ёзишмоқда ва унинг истеъфосини талаб қилишмоқда.

Улар энди янги оила қураётган ёшларнинг орзуларини оёқости қилган амалдордан қаттиқ норози, улар кучи вилоятдаги икки ёшга етган йўлтўсарнинг ҳаракатидан ранжишган, улар бу амалдор жамиятда шунча жиддий муаммолар, ишсизлик, таълим соҳасидаги инқирозга қарши курашмасдан, инсон ҳуқуқларига қарши курашаётганидан ғазабга минишган.

Билдирилган муносабатлар орасида қуйидагича оригинал ёндашувлар ҳам бор.

«5 июндан «Тўй» тарифини ишга туширдик. Янги тариф бўйича сафарлар ёш келин-куёвлар учун мутлақо бепул, чақирувга эса фақат комфорт машиналар келади, масалан: Chevrolet Malibu, Epica, Captiva — кортеждан нимаси кам?
Сафарингиз хайрли бўлсин!».

7 июнь куни кечқурун Қаҳрамон Қуронбоевнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида унга қарши кампания бошланди — фойдаланувчилар унга 1 баҳо қўйиб изоҳ ёзишди.

Натижада, унинг саҳифасида айни вақтга келиб 1 баҳоли мулоҳазалар сони 479та ва бу бир йил давомида йиғилган 5 баҳоли мулоҳазалар сонидан ортиқ (351) ва Қуронбоевнинг рейтинги 5 дан 2,7 баллни ташкил қилмоқда.

Агар Қаҳрамон Қуронбоев чиндан ҳам келин-куёвни тўй машинасидан тушириб, таксида жўнатиб юборган бўлса, у бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII бобидаги (Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар) моддаларни (25- ва 27-моддалар) қўпол равишда бузган ҳисобланади. Инсоннинг шахсий ҳаётига Ёшлар иттифоқи раиси ҳам, бошқа ҳам аралаша олмайди, у учун нима кийишни, нима ейишни, қандай тўй қилишни ҳал қила олмайди. Бундай ҳаракатлар фақат тоталитар ва авторитар тузумларга хос: Ўзбекистонда — демократик давлатда бундай қонунбузарлик тегишли жазоланиши шарт.

Бу ҳолатда Ёшлар Иттифоқи раиси мустабид тузум давридаги коммунистларча йўлтўсарлик қилиб, келин ва куёвни — ўз ҳаракатларига ўзи жавоб бера оладиган ёшдаги мустақил шахсларни, ўз машинасидан тушириб, таксига ўтказиб юбормоқда. У Наманган вилояти ЙХҲБ раҳбари эмаски, йўлдаги тартибни бузгани учун «кортеж»ни тўхтатиш ваколатига эга бўлса? У буни дабдабали тўйларга қарши ҳаракат сифатида изоҳламоқчи, аммо бу борада Сенат қарори ҳали қабул қилинмаган, ҳали Ўзбекистонда тўй маросимида қатнашадиган меҳмонлар сони ҳам, машиналар сони ҳам қонунга кўра белгиланмади. Қарор лойиҳасида ҳам 2та енгил машинадан фойдаланиш таклиф қилинганди, зинҳор келин-куёвнинг таксида кетиши эмас.

Масаланинг яна бир жиҳати бор — у ўзини тўхтата олмасдан, ёлғон гапирган бўлиши ҳам мумкин. Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, сенатор, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг раисидан шундай ташаббус чиқиши ақлга сиғмайди. Қолаверса, бу ҳолатга унинг сўзларидан бошқа далил ҳам йўқ. Лекин бу ҳам уни оқлай олмайди. Шундай катта ташкилот тепасида оддий ёлғончининг ўтиришига йўл қўйиб бўлмайди. На қонунбузар ва на ёлғончи солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан мавжуд бўлган, йиллик бюджети 200 млрд сўм бўлган катта давлат ташкилоти раҳбарлигида ўтиришга ҳақли эмас.

Агар у фаолиятини шундай давом эттирса, ёшларнинг шахсий танловларига аралашаверса (у бир сафар Москвадаги ўзбеклар билан учрашувда соқоли ўсган йигитни ҳамманинг олдида изза қилгани билан тилга тушганди — таҳр.) ёшлар қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатни тарк этиш тараддудига тушиб қолишлари тайин.

Раис, албатта, интернетда кўтарилган резонансдан хабардорлиги аниқ. Лекин на унинг ўзи ва на Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати вазият юзасидан муносабат билдирмаяпти.

Жаноб Қуронбоев! Ёшлар сизни ёмон кўриб қолди, сиз ёшларни тарбиялай олмайсиз, сиз бундай йўл билан тартиб ўрната олмайсиз, энди фақат бир йўл қолди — қонунларни ҳурмат қилган ҳолда, ўзбекистонлик солиқ тўловчилардан узр сўраб, жойни бўшатиб қўйиш.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид