Жаҳон | 01:46 / 10.06.2018
5088
2 дақиқада ўқилади

Америкалик муаллима ривожланишида оғишга эга болаларга 1 млн доллар васият қилди

Фото: Reuters

Америкалик муаллима Женевьева Виа Кава руҳий ва жисмоний ривожланишида оғишга эга болаларга ёрдам берувчи жамғарма ташкил этишга ўзининг 1 млн долларлик маблағини васият қилди. Бу ҳақда New York Times нашри маълум қилди. Пуллар Дюмонт шаҳридаги давлат мактаблари бошқармасига васият қилинган. 

Муаллима 7 йил аввал 89 ёшида вафот этган, бироқ у қолдирган васиятнома мазмуни эндигина – хайрия жамғармаси ташкил этилганда маълум қилинди. Ҳар йили 1 млн долларлик омонат фоизи ҳисобига камида бир талаба олий таълим муассасасида ўқиш учун 25 минг долларлик грант олиши мумкин. Грантлар 2019/2020 йиллардаги ўқув йилидан тақдим қилина бошланади.

1945 йилдан бошлаб аёл Нью-Жерсида ривожланишида оғишга эга бўлган болалар мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Аёлнинг яқин дўстининг айтишича, у ортиқча сарф-харажат қилмай, камтарона маоши билан хайрия учун бундай катта маблағ тўплай олган.  

Таъкидланишича, аёл эшитиш қобилияти ёмонлашганда ҳам ўзига эшитиш қурилмасини сотиб олишни лозим топмаган. У ўзига кам кийим сотиб олган ва турмуш ўртоғи вафотидан кейин таътилга бормай қўйган. Аёлнинг фарзандлари бўлмаган.

Муаллиманинг таниши Ричард Яблонскининг айтишича, аёл тежамкорлигининг сири, эҳтимол, унинг ёшлиги кўплаб америкаликлар ночорликда яшаб, тежамкорлик қилишга мажбур бўлган Буюк тушкунлик вақтига тўғри келгани билан боғланган бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид