Жаҳон | 22:53 / 11.06.2018
6953
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда пахта даласида 24 ишчининг заҳарланиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди 

Озарбойжон бош прокуратураси Саатлин туманидаги пахта даласидаги ишлар вақтида 24 ишчининг кимёвий моддалардан заҳарланиши юзасидан жиноий иш қўзғатди. 

Таъкидланишича, жиноий иш “Ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш қоидаларининг оғир оқибатларга олиб келган бузилиши” ва “Мансабдор шахснинг ўз ортидан оғир оқибатларни олиб келган масъулиятсизлиги, ўз хизмат вазифаларига ноинсоф ёки бепарво муносабати” моддалари бўйича қўзғатилган. Шунингдек, пахта зараркунандаларига қарши ишлатилган кимёвий моддалар намуналари олинган, суд-тиббий, суд-кимёвий ва бошқа экспертизалар белгиланган. 

Озарбойжоннинг Report ахборот агентлигининг маълум қилишича, жабрланганлар туманнинг марказий шифохонасига етказилганлар, улардан 2 нафари тиббий ёрдам кўрсатилгач уйларига қўйиб юборилган, бироқ 4 киши оғир аҳволда Бокудаги токсикологик марказга жўнатилган. Таъкидланишича, айни вақтда касалларнинг аҳволи қониқарли.

Дастлабки маълумотларга кўра, ишчиларнинг заҳарланишига бегона ўтларга қарши курашда қўлланувчи Formula 5-FEC препарати сабаб бўлган.  

Маълум қилинишича, Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга ушбу ҳодиса ҳақида зудлик билан хабар берилган. Алиев жабрланганларнинг даволанишини назорат остига олишни буюрган. Воқеа юз берган туманга таркибига Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, экология ва табиий захиралар вазирликлари ходимлари кирган комиссия жўнатилган.

Мавзуга оид