Спорт | 22:38 / 19.06.2018
14984
2 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларида учинчи марта Мессига ҳакамлик қилади

Фото: Getty Images

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ЖЧ-2018 гуруҳ босқичидан ўрин олган Аргентина – Хорватия ўйинини бошқаради. Беллашув 21 июнь куни Нижний Новгород шаҳрида соат 23-00да бошланади. 

Бу Эрматов учун жаҳон чемпионатларидаги 10-ўйин бўлиб, ҳамюртимиз бу борада ўзига тегишли бўлган дунё рекордини узайтиради. Унга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади.

Қайд қилиш жоизки, Равшан Эрматов фаолиятидаги учинчи жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. У Жанубий Африкада ўтказилган ЖЧ-2010 ва Бразилияда ўтказилган ЖЧ-2014 мусобақаларида иштирок этиб, жами 9та ўйинни бошқарган ва дунё рекордини ўрнатган. 

Эрматов икки марта Аргентина терма жамоаси ўйинларида ишлаган. Ҳар иккала баҳс Жанубий Африкадаги ЖЧ-2010 турнирида бўлган. Гуруҳ босқичида Аргентина Грецияни 2:0 ҳисобида мағлуб этган. Чоракфиналда эса Германияга 0:4 ҳисобида ютқазган.

Маълумот ўрнида, Равшан Эрматов 2003 йилдан бери ФИФА рефериси саналади. У 5 марта Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган. 2015 йилда эса энг яхши ҳакам сифатида Globe soccer awards мукофотини олган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид