Ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш қандай амалга оширилмоқда?
Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2018 йилдаги 408-сон қарори билан Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Norma’нинг ёзишича, низом талаблари автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида фаолият юритувчи барча юридик шахслар (бундан кейин – ўқув ташкилотлари) учун ягона ва риоя этилиши мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари тасдиқланди.
Моддий база
Давлат таълим муассасалари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган лицензияга эга бўлган ушбу соҳада нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахслар ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари (ЙҲХБ) рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида (РваИОБ) ҳисобга олинган бўлишлари шарт.
Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланувчи ўқув ташкилотларининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси давлат талабларига мос бўлиши керак.
Ўқув ташкилотининг унга мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ўқув хоналари, улардаги жиҳозлар ва ўқув автомобилларидан фойдаланишга йўл қўйилади.
Ўқув ташкилотининг ҳамда ижара шартномаси асосида фойдаланилаётган автомототранспорт воситалари ёнилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асбоб-ускуналар билан ўқув ташкилоти томонидан таъминланиши шарт.
Ўқув ташкилотига қарашли ва ижара шартномаси асосида фойдаланилаётган барча ўқув автомототранспорт воситалари ЙҲХБнинг РваИОБда рўйхатдан ўтказилади.
Таълим жараёни
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муддатлари ва тартиби давлат талабларига ҳамда тасдиқланган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ белгиланади.
Ўзига хос хусусиятлар назарда тутилган: соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан енгил автомобилларни бошқаришга лаёқатли деб топилган ногиронлиги бўлган шахсларни ҳайдовчиликка тайёрлаш махсус ўқув дастурлари асосида амалга оширилади; кар ва кар-соқов шахсларни ҳайдовчиликка тайёрлаш умумий ўқув дастурлари асосида сурдо таржимон ёрдамида амалга оширилади.
Аёлларни «ВС» ва «D» тоифаларига тайёрлашни ташкил қилишда юк автомобилларининг юк кўтариши 2,5 тоннадан, автобусларнинг йўловчилар ташиш учун рухсат этилган сони эса 14 кишидан ошмаслиги керак.
Ўқув ташкилотидаги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича йиғилган гуруҳлардаги тингловчилар сони 25 кишидан ошмаслиги лозим. Ўқув ташкилотларининг раҳбарлари ўқув гуруҳларида машғулотлар бошлангунгача ўқувчилар рўйхатини тузишлари ва ҳудудий ЙҲХБга тақдим этишлари лозим.
Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича йиғилган гуруҳлардаги тингловчилар сони 30 кишидан ошмаслиги лозим. Таълим жараёни назарий ҳамда амалий машғулотлардан, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш бўйича амалий машғулотлардан иборат бўлади.
Якуний назорат ва синовларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби ўқув ташкилотлари ёки уларнинг мувофиқлаштирувчи ва юқори ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган йўриқномаларда белгиланади.
Тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун ҳужжатлар
«А», «В», «С» тоифадаги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, шунингдек «С», «D», «ВЕ», «СЕ», «DE» тоифалардаги автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлаш учун тингловчиларни ўқув ташкилотларига қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
• жисмоний шахс аризаси ёки буюртмачи – ташкилот йўлланмаси (улар томонидан ўқишга юборилган шахслар учун);
• соғлиғи ва тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома;
• 3 х 4 см ҳажмдаги 3 дона фотосурат (фуқаро кийимида);
• маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;
• паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат.
Ҳайдовчиларни «С» тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун қайта тайёрлашда юқорида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари «В» ёки «D» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси, «ВЕ», «СЕ» ёки «DE» тоифаларидаги автотранспорт воситаларини бошқариш учун қайта тайёрлашда тегишли равишда «В», «С» ёки «D» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.
Битириш имтиҳонлари
Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш якунлари бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар ЙҲХБнинг РваИОБда имтиҳон топширадилар. Имтиҳон олиш вақти ЙҲХБнинг РваИОБ томонидан ўқув ташкилотининг мурожаатига асосан олдиндан белгиланади.
Тингловчиларнинг ҳайдовчилар малакасини ошириш курсларида билимларни ўзлаштиришини аниқлаш учун ўқув ташкилотларида якуний имтиҳонлар анимация эффектларига эга бўлган тест дастурида қабул қилинади.
Ўқув ташкилотида имтиҳонларни қабул қилиш учун раҳбар буйруғи билан раис ва икки кишидан иборат имтиҳон комиссияси тузилади. Қўшимча равишда комиссия аъзолари таркибига ўқитувчилар, инструкторлар, агар ҳайдовчилар буюртмачи ташкилот учун тайёрланаётган бўлса, шу ташкилотнинг вакили ҳам киритилиши мумкин.
Тасдиқланган ўқув режаси ва дастурни тўлиқ тугатган, шунингдек барча фанлардан ижобий якунловчи баҳолар олган тингловчилар имтиҳонларга қўйилади.
Ҳайдовчиликка номзодларнинг назарий фанлардан олган билими беш баллик баҳо мезони билан, амалий маҳорати ва тажрибаси «топширди» ёки «топширмади» мезони билан баҳоланади.
Барча тоифадаги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув гуруҳларининг назарий имтиҳонлари тасдиқланган имтиҳон саволлари асосида ўтказилади.
Имтиҳон натижаси ҳақида комиссия раиси ва аъзолари баённома тузадилар, у ўқув ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланади ҳамда муҳр билан тасдиқланади. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш имтиҳон комиссияси баённомаларининг сақланиш муддати – 5 йил.
Ўқув ташкилотида ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни тугатиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган шахсларга имтиҳон комиссияси баённомасига асосан ўқишни битирганлиги ҳақида ягона намунадаги гувоҳнома берилади.
Ўқув ташкилотини автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш дастури бўйича тугатиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган шахсларга имтиҳон комиссияси баённомасига асосан ўқишни битирганлиги ҳақида белгиланган намунадаги сертификат берилади. Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширгани тўғрисидаги сертификатларнинг бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади.
Юқорида кўрсатилган гувоҳнома ва сертификат автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини бермайди.
Мавзуга оид
13:37 / 09.12.2020
Автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби ўзгартирилди
19:13 / 15.12.2018
Ҳайдовчининг маст ҳолда эканини аниқлаш учун текширувга нималар асос бўлиши белгиланди
10:38 / 15.11.2018
Ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда эканини аниқлаш тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланади
15:46 / 24.08.2018