Жамият | 23:02 / 03.07.2018
14396
4 дақиқада ўқилади

Андижондан юборилган икки мурожаат ижобий якун топди

KUN.UZ таҳририятига юборилган ҳар бир мурожаат изидан бориб ўрганиш ва мақола тайёрлаш пировардида мавжуд камчиликнинг ўша ҳудуддаги мутасаддилар томонидан ечим топиши ётади.

KUN.UZ  сайти ўтган июнь ойида  икки арзномага -  “Номга ярашмаган муаммо: Андижон туман “Бахт” маҳалласидаги “Шодлик” кўчасида  ичимлик суви, газ йўқ” ҳамда Андижон шаҳар Улуғбек кўчасида истиқомат қилаётган бева аёлнинг муаммоларига Икки ойдан бери электрсиз яшаётган оилага кўмак зарур” номли мақолалари билан эътибор қаратган эди.

Мақола эълон қилинганидан сўнг орадан тўрт кун ўтиб, ўша  Андижон шаҳар, Улуғбек кўчаси, 5-уйда истиқомат қилаётган Насибахон Умрзақованинг яқини телефон орқали онанинг хонадони электр тизимига улангани ва муаммолар бартараф этганини билдирди.

Онани йўқлаб бордик. “МИБ ходимлари келиб, чироғимизни ёқиб бериб кетишди. Мана, чароғон уйда ўтирибмиз. Пластик карточкамга сизлар уюштирган хайрия натижасида 8 миллион сўмга яқин маблағ тушди. Бугун-эрта уйни таъмирлашга киришамиз. Муаммоларимни ҳал бўлишига ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларни дуо қилиб ўтирибман”, дейди она.

Насибахон ая бизни чоғроққина ҳовлисида етилиб пишган анжир билан меҳмон ҳам қилди.

 Шундан сўнг, Андижон туман, “Бахт” маҳалласи, “Шодлик” кўчасига бордик.

Мақола чоп этилган куннинг эртасига маҳаллага туман ҳокимлиги вакиллари ва сектор раҳбари келиб, ишчи гуруҳи билан муаммоларни ҳал этишга киришибди. Узоқ йиллар давомида ишлатилавериб “ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлган” трансформатор ўрнига янгиси ўрнатилган.

Сув чиқариш иншооти таъмирдан чиқарилиб, маҳаллага ичимлик суви тарқата бошлабди. Туман сув оқава корхонаси раҳбари Дилшодбек Қўлдашевнинг: “Яқин кунларда сув минораси ўрнатиб, ичимлик суви муаммосидаги босим масаласини ҳам бутунлай бартараф қиламиз”, дегани кўнгилни кўтарди.

 

Табиий газ муаммоси бўйича тизим таҳлил қилиниб чиқилмоқда. Туман газчилари хонадонларга суюлтирилган газ баллонларини тарқатишди. Маҳалла аҳли билан суҳбатлашганимизда улар газ баллонларига муҳтож оилалар қолмаганини айтишди.  

“Гапни гапир уққанга”, дейди доно халқимиз. Баъзида, таҳририятимиз орқали кўтариб чиқилаётган муаммоларга эътибор бермай бепарволик қилаётган айрим мутасаддиларнинг борлиги хафсаламизни пир қилади.

Юқоридаги камчиликларни бартараф қилишга кун ўтказмай киришган Андижон шаҳар Мажбурий ижро бюроси ҳамда Андижон туман ҳокимлигига аҳоли ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шунингдек, хайрия акциясида иштирок этиб, бир оиланинг муаммоли ҳолатига беэътибор бўлмаган ўқувчиларимизга ҳам алоҳида ташаккуримиз бор.

                                                                                                                         Ўз мухбиримиз

           

Мавзуга оид