Спорт | 21:17 / 03.07.2018
7375
2 дақиқада ўқилади

Нигерия терма жамоаси сардори Оби Микелнинг ўғирлаб кетилган отаси озод этилди

Фото: Eurosport

Футбол бўйича Нигерия терма жамоаси сардори Жон Оби Микелнинг аввалроқ ўғирлаб кетилган отаси махсус амалиёт давомида полиция ходимлари томонидан озод этилди. Бу ҳақда ESPN телеканали хабар берди.

Жиноятчилар Россияда ўтаётган жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган Нигерия-Аргентина ўйинидан 4 соат олдин футболчига қўнғироқ қилиб, унинг отаси Па Майкл Оби ҳайдовчиси билан бирга гаровга олинганини маълум қилиб, уларнинг озод этилишларига 10 млн Нигерия найри (28 минг доллар) миқдорида пул талаб қилишган. 

“Мен эсанкираб қолгандим ва нима қилишни билмасдим. Улар агар бу ҳақда ҳукуматга хабар берсам ёки у-бу кимга айтсам дарҳол отамни отиб ташлашлари билан қўрқитишди. Айнан шу сабабли буни мураббий билан муҳокама қилмадим. Бундан ташқари, бу масала муҳим ўйин олдидан жамоа учун чалғитувчи омил бўлишини истамадим. Мен 180 млн нигерияликни ташвишга қўя олмасдим”, деб айтган Микел.   

3 июлда Энугу штати полицияси вакили Эбере Амарайзу гаровда ушлаб турилганлар озод этилганларини маълум қилган. Унинг айтишича, амалиёт вақтида полиция ва жиноятчилар ўртасида отишма чиққан ва жиноятчилар асирларни ташлаб қочиб кетишган.

Таъкидланишича, Микелнинг отаси жиноятчилар томонидан қийноққа солинган. У озод этилиши билан шифохонага етказилган ва тегишли ёрдам олган.  

Микелнинг отаси иккинчи марта ўғирлаб кетилмоқда. Биринчи марта у 2011 йилда ўғирлаб кетилган. Ўшанда футболчининг отаси 10 кундан кейин қўйиб юборилган.

Мавзуга оид