Иқтисодиёт | 01:38 / 03.07.2018
55564
12 дақиқада ўқилади

Солиқ ислоҳоти: инқилобми ёки чала ислоҳот?

Солиқ ислоҳоти бўйича қабул қилинган концепция — қулай бизнес иқлими яратиш йўлидаги улкан қадамдир. Бироқ янада кўпроғини истаган эдик, деб ёзади иқтисодчи Юлий Юсупов Gazeta.uz’да.

Ниҳоят, бу содир бўлди. Президент «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.  Бизнинг солиқ тизимимиз 2019 йилнинг 1 январидан ўзгартирилади. Ўзгаришлар параметрлари белгилаб олинган. Қабул қилинган ҳужжатни мустақил иқтисодчи, Center for Economic Development директори Юлий Юсупов шарҳлайди.

Фото: Pixabay

Солиқ тизимидаги ўзгаришлар

Қисқача айтиладиган бўлса, ўзгаришлар моҳияти қуйидагича. Бешта асосий масала ҳал этилмоқда:

1) меҳнатга нисбатан солиқ камайтирилмоқда — улар айни пайтда жуда катта ва иқтисодиётнинг «хуфёна» олиб бориш учун асосий сабаб бўлиб турибди;

2) солиққа тортишнинг умум ўрнатилган ва соддалаштирилган режимлари ўртасидаги солиқ юкламасига оид кескин фарқ йўққа чиқарилмоқда — ушбу фарқ корхоналарни йириклашмасликка мажбурлайди, ишлаб чиқариш миқёсларини кенгайтиришни қийинлаштиради ҳамда бизнесни норақобатбардош бўлиши ва «хуфёна» ишлашга маҳкум қилади;

3) меҳнатнинг жамоавий тақсимотини ўлдирувчи ва қўшилган қийматнинг узун занжири ҳосил бўлишига монелик қилувчи, шу йўл билан иқтисодиётимизнинг жаҳон хўжалигида хомашё қуйруғи бўлиб келишида муҳим аҳамият касб этган тушумдан солиқларни қўллаш соҳаларини қисқартириш (бу эса умумий режимдаги корхоналар учун давлат мақсадли фондларига 3,2 фоиз ажратма ва соддалаштирилган режимдаги корхоналар учун ягона солиқ тўлови дегани) ёки бекор қилиш;

4) ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини норақобатбардош, иқтисодиётимизни эса инвестициялар учун жозибасиз қилиб келган иқтисодиётга умумий солиқ юкламасининг қисқартирилиши (бу сўнгги йилларда турли яширин солиққа тортиш шакллари ҳисобга олинмаса, ЯИМнинг 30–35 фоизини ташкил этиб келган);

5) айни пайтда ўта самарасиз бўлиб турган ва бизнес юритиш харажатларини кескин оширишга хизмат қилаётган солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши.

Бунинг учун қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • Фуқароларнинг ойлик маошларидан ушланадиган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 8 фоизлик суғурта бадалларининг бекор қилиниши;
  • Максимал ставкаси 22,5 фоиз бўлган прогрессив шкала ўрнига даромад солиғининг 12 фоизлик текис шкаласини жорий этиш;
  • Ягона ижтимоий тўлов ставкасини соддалаштирилган режим учун 15 фоиз, умумий режим учун 25 фоиздан — 12 фоизгача камайтириш (бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналаридан ташқари — улар учун ставка 25 фоиз миқдорида белгиланган);
  • Умумий режимдаги корхоналар учун давлат мақсадли фондларига мажбурий ўтказмаларни бекор қилиш (тушумдан 3,2 фоиз);
  • Юридик шахслар учун фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизга камайтириш (тижорат банклари учун — 22 фоиздан 20 фоизга, боз устига, улар учун маълум бир рентабеллик даражасидан ўтилгач тўланадиган ҳаддан зиёд фойда учун солиқ бекор қилинади);
  • Дивидентлар учун солиқ ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади;
  • Юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилади ва уни тўлаш мажбурияти жорий этилади, шунингдек, беистисно тарзда барча юридик шахслар томонидан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилади;
  • Харид қилинган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар бўйича қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси ҳисобга ўтказиш ҳуқуқининг тақдим этилиши (улар айни пайтда унга қўшилади ва ҚҚСга бўлган солиқ юкламасининг камайишига сабаб бўлмоқда);
  • Йилига 1 миллиард сўмдан ортиқ айланма (тушум)га эга бўлган ва белгиланган чегарага бир йил мобайнида эришган корхоналарни умумўрнатилган солиқ тўлашга ўтказиш (2017 йил якунларига кўра бундай корхоналар кичик бизнес субъектларининг 10 фоизини ташкил этади);
  • Йилига 1 миллиард сўмгача айланма (тушум)га эга бўлган солиқ тўловчилар учун ҚҚС ва фойдадан солиқ тўлаш ўрнига айланмадан 4 фоиз ставкалик (ҳозирги 5 фоизлик ягона солиқ тўлови ўрнига) солиқ тўлаш имкониятининг ўрнатилиши;

Бу ҳолда:

  • ҚҚСнинг ҳозир амал қилаётган 20 фоизлик ставкаси сақланиб қолади ва 2019 йил якунларига кўра ставка миқдори камайтирилади;
  • Ягона ер солиғи тўловчилар учун солиққа тортиш тартиби сақланиб қолади;
  • Хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширишга рухсат берилган фаолият турларини қисқартириш режалаштирилмоқда;
  • Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича чоралар дастури ишлаб чиқилиши керак;
  • Солиқ ҳисоботдорлигини соддалаштириш ва уни дастурий маҳсулотлар билан интеграциясини таъминлаш бўйича; автоматик бухгалтерлик ҳисоби юритиш бўйича; солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати ходимларининг малакасини ошириш бўйича; ҳисобланган ойлик иш ҳақини персоналлаштирилган ҳисобини юритиш тартибини жорий этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилиши керак;
  • 2018 йилнинг 1 ноябригача бўлган муддатда самарасиз солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши керак;
  • 2018 йилнинг 1 декабригача бўлган муддатда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак.

Нималарни амалга оширишнинг иложи бўлмади?

Назаримда, режалаштирилаётган ўзгаришлар — мамлакатимизда қулай бизнес иқлимини яратиш учун улкан қадамдир. Солиққа тортишнинг янги модули собиқ иттифоқнинг аксарият собиқ республикаларидаги солиқ тизимларидан кўра жозибалироқ.

Янада кўпроғини истаганимиз эса бошқа масала. Гарчи тасдиқланган концепцияда унинг дастлабки лойиҳасидаги кўплаб принципиал қоидалар сақланиб қолинган бўлса-да, дастлабки версиядан иккита муҳим пунктни муҳокамалар ва маъқулловлар асносида сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

1. ҚҚСни 20 фоиздан 12 фоизга тушириш назарда тутилаётган эди. Барибир 20 фоиз даражасида қолдиришга қарор қилишибди (2019 йилдан кейин қисқартириш шарти билан). Тушунишимча, баъзи солиқ турларининг бекор қилиниши ва солиқ ставкаларининг қисқартирилиши ортидан бюджетга тушумларнинг қисқаришидан бюджетни ҳимоялаш истаги юқори бўлган кўринади.

Қўрқаманки, ҚҚСнинг бу қадар юқори ставкаси (қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда — 12 фоиз) соддалаштирилган режимдан умумий режимга ўтувчи корхоналар учун оғир юк бўлади. Айнан ҚҚСнинг 20 фоизлик ставкаси туфайли улар учун солиқ юкламаси ошиб кетиши мумкин. Бу, айниқса, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларидаги корхоналарга тааллуқли, чунки у ерларда тушумда қўшилган қиймат улуши жуда катта. Лекин солиққа тортилувчи базани ҳисобга олиш ҳисобига ёки юкламанинг бир қисмининг кейинги бўғин — хизматлар харидорига тақсимлаш билан камайтиришнинг имкони йўқ (аҳоли ҚҚС тўламайди). Бу кичик корхоналарни ўз ихтиёри билан умумий режимга ўтишига ва йириклашишига рағбатни қисқартиради, йиллик айланмаси 1 миллиарддан ортиқ бўлган корхоналарда тушумни яширишга олиб келади. Натижада:

  • Бизнеснинг легаллашуви ва солиққа тортишнинг умумий режимга ўтиши  ёки ҚҚСни ўз ихтиёри билан тўлаш кутилганидек кенг миқёсли бўлмайди;
  • Бизнинг айрим маҳсулотларимиз ва хизматларимиз қўшни давлатлар билан солиштирилганида рақобатбардош бўлмайди;
  • Солиққа тортилувчи базанинг камайиши оқибатида бюджет даромадлари қисқариши мумкин.

2. Дастлабки лойиҳада фойда ва дивидентлар солиғи ўрнига тақсимланувчи фойда учун солиқ жорий этиш назарда тутилаётган эди. Бундай ўзгаришлар қилишдан мақсад:

  • Умумий солиққа тортиш режимидаги корхоналар, бинобарин, келгусида умумий режимга ўтувчи корхоналар учун ҳам солиқ юкламасини қисқартириш (чунки бутун фойда солиққа тортилмайди ва солиққа тортиш базаси қисқарарди);
  • Инвестицияларни рағбатлантириш (инвестицион харажатлар тақсимланувчи фойдалар учун солиққа тортилмасди, бинобарин, тадбиркорларга ўз фойдасини «еб юбориш» эмас, уни инвестиция қилиш маъқулроқ бўларди);
  • (Ва энг асосийси!) солиқ маъмуриятчилигини кескин соддалаштириш. Гап шундаки, фойдадан тўланадиган солиқ — солиқлар ичра энг бир-бирини инкор этадиган ва ҳисоб-китоб учун мураккаби ҳисобланади. Айнан у бўйича бизнес ва солиқчилар ўртасида энг кўп тушунмовчиликлар пайдо бўлади. Солиқчилар тушунарли сабабга кўра бизнеснинг «ўзини оқламаган» харажатларини инобатга олишни истамайди ва уларни солиққа тортилувчи базага киритишга ҳаракат қилишади, бизнеснинг вазифалари эса мутлақо тескари — харажатларни ошириш эвазига солиққа тортилувчи фойдадан имкон қадар кўпроқ пул олиб қолиш. Натижада: а) солиқчилар бизнес ишига маъмурий аралашув учун қудратли ричагга эга бўлишади; б) корхоналар солиққа тортилувчи базани камайтириш учун атайлаб харажатларини ошириб кўрсатишади. Тақсимланувчи фойдадан солиққа ўтилганида эса бизнеснинг харажатлари солиқчиларни қизиқтирмасди (ишбилармонларнинг шахсий эҳтиёжлари учун сарфланадиган харажатларнинг кичик гуруҳидан ташқари, улар дивидентлардан ташқари тақсимланувчи фойдага қўшилади), ишбилармонларнинг ўзида эса ушбу харажатларни оширишга бўлган рағбат қисқарарди. Солиқ маъмуриятчилиги ҳар икки томон учун сўнгги чегарасигача соддалашар эди.

Таассуфки, ғоя ниҳоятда инқилобий кўриниш ҳосил қилган эди (ҳаттоки грузинлар ҳам унга ўтиш учун 12 йил сарфлашган). Ҳукумат фойдани солиққа тортишни (жузъий равишда) қисқартириш сари пешвоз чиқди, лекин тақсимланувчи фойда учун солиққа ўтишга жазм эта олмади.

Лекин ҳали ҳам кеч эмас. Аминманки, ҚҚС келгусида пасайтирилади. Балким молия вазирлиги йил сўнгига қадар захираларни ахтариб кўриб, уни 2019 йилнинг ўзидаёқ пасайтиришни таклиф этиб қолар? Орзулар, орзулар…

Тақсимланувчи фойда учун солиққа тўхталадиган бўлсак, биз бу солиқни тарғиб этишда давом этамиз. Балким жамоатчиликни 12 йилдан кўра тезроқ ишонтира олармиз (Грузиядаги ислоҳотчиларга бу солиқни жорий этиш учун шунча вақт кетганини юқорида ҳам айтиб ўтдик).

Албатта, солиқ тизимимизни соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш учун ҳали жуда кўп ишларни амалга ошириш керак. Бу ишлар Солиқ кодексининг янги таҳририни ва Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш дастурини тайёрлаш доирасида олиб борилади.

Нима бўлганда ҳам, бу жуда катта қадам!

Ким нима деса десин-у, ўйланган ислоҳот — олдинга ташланган улкан қадам. Уни амалиётга жорий этиш натижасида биз ҳозиргисидан кўра янада такомиллашган солиққа тортиш моделига эга бўламиз. Солиқ юкламасининг камайтирилиши ва амалдаги солиққа тортиш қоидаларини қайта кўриб чиқишга доир бундай кескин чораларга розилик берган ҳукумат ва президентнинг жасоратига қойил қолиш керак. Фикримча, бу 2017 йил 5 сентябрда қўл урилган валюта бозорини либераллаштиришдан сўнг иқтисодиётимизда ташланган иккинчи муҳим қадам ҳисобланади. Асосийси, фикрни ўзгартирмаслик, танланган йўлдан қайтмаслик ва ўйланган нарсаларни амалга ошириш.

Энди режалаштирилган ўзгаришларнинг кескинлик даражасини кўргазмали равишда тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Постсовет минтақасида энг муваффақиятли солиқ ислоҳоти Грузияда 2005–2009 йилларда ўтказилган, солиқлар сони 22 тадан 6 тагача қисқартирилган, бошқа солиқлар бўйича солиқ ставкалари камайтирилган ислоҳот ҳисобланади.

Бу ҳолатда бюджетга солиқлардан тушумлар 2005–2006 йиллардаёқ йилига ўртача 20,61 фоизга оша бошлаган. Ислоҳотлар бошлангач, дастлабки тўрт йилда солиқлардан тушумлар реал ифодада 2,7 баробарга ошган. 2009 йилда мамлакат Forbes’нинг «солиқ даҳшати» рейтингида Қатар, БАА, Ҳонгконгдан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаб турган

2017 йилда ислоҳот давом эттирилди ва фойда ҳамда дивидент солиқлари ўрнига тақсимланувчи фойда солиғи жорий этилди.

Концепциянинг дастлабки версияси муаллифлари Грузиянинг якуний солиққа тортиш модели (2017 йилги) дан андаза олишган. Имзоланган версия эса Грузиядаги ислоҳотларнинг дастлабки йилидагисига жуда яқин. Айрим позицияларда биз Грузиянинг 2004–2005 йиллардаги ҳукуматидан ҳам узоқроққа қадам ташлаганмиз. Хусусан, меҳнатдан ва фойда солиқлари (дивидентлар ҳам қўшилганида) 2019 йилдаёқ бизда 2005 йилдаги Грузиядагидан пастроқ бўлади.

Грузия ва Ўзбекистондаги ислоҳотлар давридаги асосий солиқларнинг солиштирма таҳлили

* Тақсимланувчи фойдадан солиқ

Хуллас, солиқ ислоҳоти бошланмоқда. Ҳали олдимизда жуда кўп иш турибди.

P.S. Муаллиф фикри таҳририят фикрига мос тушмаслиги мумкин.

Мавзуга оид