Жаҳон | 18:23 / 03.07.2018
13014
2 дақиқада ўқилади

Таиландда мактаб ўқувчилари 10 кундан буён ғорда қамалиб қолмоқда

Таиландда июнь ойи охирида тоғдаги экскурсия чоғида йўқолиб қолган футбол мактабининг 12 нафар ўқувчиси ва уларнинг ўқитувчиси ғорда қамалганча қолмоқда. «Би-би-си» хабарига кўра, уларга яна бир неча ой ўша ерда қолиш таклиф этилган.

Кучли ёмғирлар туфайли ғорга бориш йўли тўсилиб қолган ва шу туфайли қутқарувчилар ғор ичига етиб бора олишмаяпти. Болалар сув босган ҳудуддан сузиб ўтишлари талаб этилади, лекин бу иш жуда хавфли ва тажрибасиз ҳамда кучдан қолган болалар буни уддалай олмаслиги мумкин. Шу туфайли улардан ёмғирлар мавсуми якунлангунича, сентябрь ёки октябрь ойигача ғорда қолиш сўралмоқда.

Сувни бошқа жойга буриб юбориш учун уринишлар муваффақиятсиз якунланган.

Агар болалар ғорда қолишса, улар озиқ-овқат ва ҳаёт учун зарур бошқа маҳсулотлар билан таъминланади, уларга шунингдек шифокорлар юборилади.

11 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ҳамда 25 ёшли эркак қидирув ишларининг тўққизинчи кунида топилди. Улар мамлакат шимолидаги Чианграй вилояти ҳудудидаги ғорга киришдан 4 километр ичкарида аниқланган. Бу гуруҳ ғор ичига кирганида қуруқ бўлган, аммо тезда ёмғир ёғиб, кириш тошлар билан тўсилиб қолган.

Мавзуга оид