Жамият | 00:20 / 08.07.2018
31994
2 дақиқада ўқилади

Карим Мирҳодиев халқаро кинофестивалда совриндор бўлди

Таниқли ўзбек киноактёри Карим Мирҳодиев халқаро кинофестивалда совриндор бўлди.

Фото: Facebook/Шоира Рауфбоева

Ёш киноижодкорлар кенгаши ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази бошчилигидаги ўзбек кино делегацияси айни кунларда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган 14-ҳалқаро «Евразия» кинофестивалида иштирок этди. Делегация таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов, кинорежиссёр Рашид Маликов, ёш ва умидли киноактёрлар Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов, Шахзода Матчонова каби ўзбек киносининг таниқли ва истеъдодли ижодкорлари бор. «Евразия» кинофестивалининг асосий танловига қўйилган 12та фильм ичида, кинорежиссёр Рашид Маликовнинг «Сабот» деб номланган фильми ҳам ғолиблик учун кураш олиб борди.

Ушбу фильмда бош ролни ижро этган Карим Мирҳодиев «Энг яхши эркак роли ижрочиси» деб топилди.

Бундан ташқари, кинофестивалда қисқа метражли фильмлар танловида эса ёш кинорежиссёрлар Абдуазим Илҳомжонов ҳамда Ботир Абдураҳмоновнинг «Мама» фильми иштирок этди. «Караван» деб номланган танловдан ташқари намойишда кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг «Назира» бадиий фильми томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Ўзбек кино саноати вакиллари ҳам фестиваль доирасида ташкил этилган кино бозорида ўз павильонлари билан иштирок этишди.

Кинофестивалда Европа, Осиё, Африка ва Американинг таниқли кино ва театр актёрлари, кино экспертлари ва танқидчилари иштирок этишди.

Кинофестивал доирасида Eurasia Film Market кинобозори ҳам ташкил қилинди. Унда 70та компания қатнашди.

Мавзуга оид