Жаҳон | 13:24 / 14.07.2018
6948
2 дақиқада ўқилади

Японияда тошқинлар қурбонлари 209 кишига етди

Фото: Twitter /CGTN

Японияда кучли ёмғирлар ва улар оқибатида юзага келган тошқин ва кўчкилар қурбонлари сони 209 кишига етди. Бу ҳақда мамлакатнинг бош полиция бошқармаси хабар қилди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, яна 40 нафарга яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Маҳаллий қутқарув хизматлари полиция ва мудофаа кучлари аскарлари ёрдамида қидирув-қутқарув операцияларини давом эттирмоқда.

Табиий офатдан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида бутун мамлакатдан минглаб кўнгиллилар Япониянинг ғарбий ҳудудларига етиб келишмоқда. Ёмғир ва кўчкилар энг кўп зарар етказган Эхимэ, Хиросима ва Окаяма префектуралари маъмуриятлари 18 мингга яқин кўнгиллининг келишини кутмоқда.

Япониядаги 47 префектурадан 31тасида юз берган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 160та уй буткул вайрон бўлган, 700га яқини жиддий шикастланган, 25 мингдан ортиқ уй сув остида қолган. Уйларига қайтиш имкониятидан маҳрум бўлган қарийб 6 мингга яқин киши махсус эвакуация марказларида қолмоқда. Бутун Япония бўйлаб кучли жазирама бўлаётгани вазиятни янада қийинлаштирмоқда – термометр кўрсаткичи эрталабдан 30 даражадан баланд ҳароратни кўрсатмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид