Жамият | 07:40 / 25.07.2018
48329
4 дақиқада ўқилади

«Итоатсизлик, тасдиқланмаган хабарларни тарқатиш». Имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабаблари ошкор этилди

Фото: muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси «айрим имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини сўраб, мурожаатлар келиб» тушаётганини таъкидлаб, ушбу масалага ойдинлик киритди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ходимлар бўлими мудири вазифасини бажарувчи Эрдон Эсановга кўра, сўнгги йилларда Ислом дини қадриятларини равнақ топтириш, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аждодлар меросини ўрганиш ва ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш борасида сермаҳсул ишлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-хатибларни доимо фаолликка, ғайрат кўрсатишга даъват этиб келмоқда.

«Бироқ айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда. Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндашмаётгани маълум бўлмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё этиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда», деб ёзилади ташкилот расмий веб порталида.

«​Лекин мана шундай қулайлик ва енгилликларга зид равишда айрим масжидлардаги нохуш манзаралар ва имом-хатиблар фаолиятидаги нуқсонлар кўнгилни ранжитмоқда. Баъзи масжидларнинг қаровсизлиги, айрим имом-домлаларнинг бепарволиги юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқлайди.

Масалан, Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган. Мана шунинг учун Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов ҳам масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинди. Фарғона вилояти Фарғона тумани бош имом-хатиби Ашуров Ҳасанбой ҳам топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетди. Шунингдек, Самарқанд туманидаги «Имоми Аъзам» жоме масжиди имом-хатиби Пўлатов Абдураҳим каби имом-хатиблар ҳам мана шундай хато-камчиликлар туфайли улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Аслида имом-домлаларнинг ишдан бўшаш сабабларини шундай очиқлашни истамаган эдик. Лекин интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқдан-очиқ сўровлар, мурожаатлар мана шундай қилишга мажбур этди.

Хулоса, мўмин-мусулмонлар томонидан имом-хатибларга берилган ишончни оқлаш вожиб. Бунинг учун зиммадаги масъулиятни бажариш, вазифани адо қилиш зарур. Бу йўлда тинимсиз меҳнат, итоат ва касб-маҳоратни ошириб бориш талаб этилади»​, дейилади хабарда.

Мавзуга оид