Жамият | 12:30 / 26.07.2018
62380
2 дақиқада ўқилади

Фарангиз Режаметовани уриб юборган ҳайдовчи уй қамоғига олинди

Фото: Facebook/Фарангиз Режаметова

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Улуғбек Э.га нисбатан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туман прокуратурасининг «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистон Республикаси Олий Суди матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2018 йил 23 июлдаги ажримига мувофиқ айбланувчи Улуғбек Э.га нисбатан «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Унга нисбатан муайян шахслар билан алоқада бўлиш, хат-хабар олиш ва жўнатиш, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш, уй-жойни тарк этиш сингари тақиқлар (чекловлар) ўрнатилади.

Зулфиқор Мусоқовнинг «Ойижон» фильми бош роль ижрочиси, актриса Фотима Режаметованинг қизи Фарангиз Режаметова 20 июль куни йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди.

 

Мавзуга оид