Жаҳон | 19:54 / 27.07.2018
21938
1 дақиқада ўқилади

Хитойдаги савдо марказида олти ёшли қизнинг қўлини акула тишлаб олди

Хитойнинг Гуйян шаҳридаги савдо маркази аквариумидаги акула олти ёшли қизчанинг қўлини тишлаб олди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди.

Сяо Ли савдо марказига бувиси ва холаси билан келганди. Қизалоқ марказдаги аквариумда яшовчи акула, балиқ ва тошбақаларни томоша қилаётганди. У сув жониворларини яхшироқ кўриш учун аквариум устига эгилган пайтда акулалардан бири сувдан сакраб чиқиб унинг қўлини тишлади.

Акула тишлари қизнинг қўлида узунлиги беш сантиметрга етадиган чуқур чандиқ ҳосил қилди. Бундан ташқари, Сяо Лининг ўнг қўл тирсаги синган.  

Савдо маркази менежерининг айтишича, бола қўлини аквариум ичига тиқиб акуланинг ҳужум қилишига сабабчи бўлган. Унинг айтишича, бу ҳолат кузатув камералари ёзувида акс этган. South China Morning Post нашрининг ёзишича, видеоёзувдан қизнинг қўли ҳақиқатан сув ичида бўлганми-йўқми аниқлаш қийин.

Мавзуга оид