Ўзбекистон | 13:10 / 31.07.2018
5461
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мактабларнинг 93 фоизи юқори тезликдаги интернетга эга эмас

Фото: УзА

Бу ҳақда президентнинг «Халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳасида айтилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистонда мактабларнинг 28 фоизи компьютер синфларига эга эмас, 63 фоизида замонавий ускуналар йўқ, 93 фоизи юқори тезликдаги интернетга эга эмас.

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, мактабларда етарлича электрон таълим ресурслари мавжуд эмас, ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кам фойдаланилмоқда, молиявий харажатларни бошқаришда ошкораликни таъминлашда оқсоқлик мавжуд.

Бундан ташқари, таълим муассасалари ва аҳоли ўртасида самарали мулоқот каналларининг йўқлиги, мактаблар ва таълим тизими устидан жамоат назоратининг самарасиз тизими, ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларида таълим тизими раҳбарларининг пассивлиги Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушган шикоят ва мурожаатларининг кўпайишига олиб келмоқда (21,8 мингта мурожаат).

Юқорида келтирилган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, вазирлик ўқув-тарбия жараёни ҳамда халқ таълими муассасаларининг бошқарув тизимига ахборот-коммуникация ва педагогик технологияларни кенг жорий этишни, шунингдек, кенг жамоатчилик назоратини таъминлашни таклиф этади.

Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар 2021 йил охирига қадар барча халқ таълими муассасаларини интернет тармоғига кенг полосали кириш имконияти билан таъминлашни таклиф қилмоқда.

Мавзуга оид