Ўзбекистонда инвестициявий фаолият учун қатор енгилликлар жорий қилинди
«Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони эълон қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини ажратишнинг қуйидаги янги механизмлари жорий этилмоқда:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача узоқ муддатли ижарага бериш, лекин инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун аризада кўрсатилган муддатдан кам бўлмаган муддатда;
- кўчмас мулк объектларини (меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар комплекслар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасаларини қуриш, тиббий ташкилотлар, йўл инфраструктураси ва б.) қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш.
Қуйидагиларга:
- туман (шаҳар) ҳокимларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга 50 йилгача бўлган муддатда узоқ муддатли ижарага, лекин инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун аризада кўрсатилган муддатдан кам бўлмаган муддатда бериш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида ва тартибда, чет эл инвестициялари улуши эквиваленти 10 млн АҚШ долларидан ошмайдиган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида чет эл инвесторлари билан инвестицион шартномаларни тузиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланилмаётган (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги ПҚ–3067-сон “Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 1 ва 2-иловаларида келтирилган объектлар бундан мустасно), умумий майдони 2000 кв.м. дан ортиқ лекин 5000 кв.м. дан кўп бўлмаган, давлат мулки объектларини сотиш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари фармон билан Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондида чет эл инвестицияларининг минимал миқдорини 30 фоиздан 15 фоизгача тушириш;
чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шартлиги ҳақидаги талабни бекор қилиш;
чет эл нвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондининг минимал миқдорини 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача тушириш;
чет эл инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдорини уч бараваргача тушириш;
акциядорлик жамиятлари устав капиталида чет эллик инвестор улушининг мавжуд бўлиш шартини бекор қилиш;
акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдорини
400 миллион сўм қилиб белгилаш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р. Холмуродовга:
чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ваколатли органлар ҳаракатларини, уларнинг ваколат доирасидан келиб чиқиб, мувофиқлаштирилишини таъминлаш;
вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиларининг давлат инвестицион сиёсатини амалга оширишнинг аҳволини мазкур соҳада асосий вазифаларнинг бажарилиши ҳақида ҳар ойлик ҳисоботларини эшитишни, шу жумладан информацион-коммуникация технологиялари имкониятларини қўллаган ҳолда, ўтказиш;
хорижий инвесторларни мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар ҳақида кенг хабардор қилиш мақсадида халқаро конференциялар, семинарлар, йирик инвестицион форумларни ташкиллаштириш орқали чет эл инвестицияларини жалб қилишни кенгайтириш вазифалари топширилди.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комплекс раҳбарлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига – инвестицион муҳитни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорларнинг самарали амалга оширилиши, хорижий инвесторларига керакли ёрдам кўрсатилиши, инвестицион буюртмаларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилиши, инвестицион буюртмалар бўйича келишиш жараёнинг ўтказилиши, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва инвестицион фаолият соҳасидаги муаммоли масалаларнинг ҳал қилиниши юзасидан;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – хорижий инвесторларга керакли ёрдамнинг кўрсатилиши, инвесторлар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни ўрнатиш орқали инвестицион буюртмаларнинг тезкор кўриб чиқилиши, доимий тарзда инвесторларни шахсан қабул қилиш, тегишли инфраструктура билан таъминланиши, ер участкалари ажратилиши, рухсат берувчи ҳужжатларни бериши, инвестицион буюртмалар бўйича келишув жараёнларини вақтида амалга оширилиши, инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни тизимли таҳлили юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари зиммасига – бекор ётган ёки қурилиши тугалланмаган объектлар, самарасиз фойдаланилаётган ишлаб чиқариш бинолари ҳамда ер майдонлари уларда тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги инвестицион лойиҳаларни жойлаштириш учун синчиклаб, пухта хатловдан ўтказилиши юзасидан;
«Ўзбекэнерго» АЖ раиси, «Ўзтрансгаз» АЖ раиси, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – инвесторларнинг ишлаб чиқариш объектларининг қурилиши ва уларнинг ташқи инфратузилмага уланиши, инвесторларнинг электр энергияси, табиий газ, сув билан, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ ташқи канализация тармоқлари билан узлуксиз таъминланиши юзасидан
Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси раиси зиммасига – инвесторларга республика ҳудудларида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда кўмак бериш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланди.
Мавзуга оид
14:02
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
19:10 / 13.11.2024
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
20:55 / 02.11.2024