Жамият | 19:33 / 04.08.2018
21850
4 дақиқада ўқилади

2010 йилда бузилиши керак бўлган уйлар нега ўз ҳолига ташлаб қўйилди?

Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, шунингдек, “Обод маҳалла” дастури доирасида қилинган ишлар таҳсинга лойиқ. Пойтахт қиёфаси кундан кунга ўзгармоқда. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. KUN.UZ таҳририятига Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Қизил тут ва Козимхожи кўчаларида жойлашган хонадонлардан мурожаат келиб тушди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу кўчадаги хонадонларга ташриф буюрдик.

Кўчалар асфальт қилинган, янги ёритиш чироқлари ўрнатилган. Аҳоли нимадан норози, ҳайрон бўлдик. Шу кўчада яшайдиган отахон бизга “бу кўча яқинда президентимиз келиши муносабати билан тезликда қурилди, кўчаларга чироқ ўрнатилиб, эски томларнинг кўчага қараган қисми алмаштирилди, лекин президентимиз келмадилар”, деди. Кейин бизни ўзи яшаб турган уйга таклиф қилди.

Тор йўлакдан уйга кирдик. Уйлар эскирган, деворлари кўчган 2 сотих ерда 3 та оила яшаб келмоқда. Кўча бўйлаб жойлашган бундай аҳволдаги хонадонлар анчагина экан. Бир уй бузилиб, уй эгаси кўчиб кетган. Лекин бузилган уйнинг жойи хашак босиб, илон ва чаёнлар маконига айланган. Шу жойнинг ёнида яшовчи аёл “ҳар доим қўрқиб яшаймиз, болаларимизни бирон ҳашарот чақиб олмасин, деворлар қулаб кетмасин деб доим хавотирдамиз”, дея куйиниб гапирди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2010 йил 22 апрелдаги 223-сонли қарорига асосан Қизил тут ва Козимхожи кўчаларида жойлашган айрим уй-жойлар бузилишга тушган бўлиб, ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2010 йил 26 апрель куни Олмазор туман ҳокимининг 22-Ф сонли фармойиши қабул қилинган. Ушбу қарор ва фармойиш ижроси юзасидан бузилиш ҳудудида 42 та уй-жой жойлашганлиги ва бу уйларда жами 157 та оила рўйхатда туриши аниқланган. Лекин нимагадир Тошкент шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан бузилиш ишлари вақтинча тўхтатилган бўлиб, бузилиш тўғрисидаги қарор бекор бўлмаган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 3 сентябрдаги 791-сонли қарорининг 2-бандида туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган комиссия зиммасига туманнинг “Эски шаҳар” ҳудудидаги уйлар бузилишга тушган ва мазкур уйларда доимий рўйхатда бўлиб яшаётган фуқароларнинг аризаларига асосан, уларга Нурафшон кўчасидаги уйлардан ипотека кредити асосида, меъёрларда ўрнатилган тартибда уй-жой ажратилиши маълум қилинган. Аҳоли аросатда қолган. На уйини бузишга, на таъмирлашга ҳайрон. 2010 йилдан буён бир бузилади, бир бузилмайди деган ваҳима. Ҳеч ким аниқ жавоб бермайди.

Мурожаатимизнинг мақсади ҳам шу мавҳумликка аниқлик киритиш, дейди хонадон эгалари. Шундан сўнг биз Олмазор туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари билан боғландик, гаплашдик. Ҳоким ўринбосари ҳам вазиятга ойдинлик киритмади. “Биз ҳам аниқ маълумотга эга эмасмиз, ҳали юқоридан ҳеч қандай буйруқ берилмади. Балки эртага, балки 10 йилдан кейин бузилар, бизга ҳам ҳозирча қоронғи”, деб жавоб берди.

Хўш, аросатда яшаётган Қизил тут ва Козимхожи кўчаларидаги фуқароларга ким аниқ жавоб беради? Уйлар бузиладими ёки йўқ? Ўйлаймизки, тез орада бу мавҳумликка аниқлик киритилади.

Мавзуга оид