Жамият | 15:26 / 10.08.2018
194768
4 дақиқада ўқилади

Фожианинг асл сабаби нимада ёки баъзи спортчилар нега қонунларни бузяпти

Фото: Facebook/ Мурод Хантураев

Сўнгги уч ой ичида Ўзбекистонда иккита ҳодиса содир бўлди. Ҳар иккаласи ҳам аралаш яккакураш спорт тури бўйича жангчилар билан боғлиқ.

Аввалроқ, аралаш яккакураш спорт тури бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраев Тошкент шаҳар прокуратураси илтимосига кўра қамоққа олингани хабар берилганди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «в» бандларида (Безорилик: а) баданга ўртача оғир шикаст етказиб: б) бир гуруҳ шахслар томонидан;) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Маълумотларга кўра, Мурод Хонтўраев бир қатор шахслар билан биргаликда 21 июнга ўтар кечаси Юнусободдаги тунги клублардан бирида жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузган, тартибсизлик қилган. Унинг ўзи тан жароҳати (кўкрагига пичоқ билан зарба берилган) билан Юнусободдаги 7-касалхона (собиқ 17-шаҳар касалхонаси)га ётқизилган, кейинги куни милиция томонидан олиб кетилган.

Орадан деярли бир ярим ой ўтиб, 9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Aurum 898 тунги клубида пичоқбозлик рўй берди.

Ҳодиса оқибатида эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев вафот этди.

Маълумотларга кўра, Жамшид Кенжаев тунги клуби қўриқчилари билан ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан уларнинг икки нафарига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг воқеа жойида бўлган «Aurum» тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Ш.Қиличов Кенжаевнинг қўлидан ошхона пичоғини тортиб олиб, унга оғир тан жароҳати етказган. Жамшид Кенжаев Юнусобод туманидаги 7-сонли ШКШга ётқизилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилса-да, етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. 

Шу ўринда, бир қатор саволлар пайдо бўлади.

Биринчидан, жангчилар руҳий барқарорликка тайёрланадими. Катта эҳтимол билан, уларни «куч бор - ақл керак эмас» принципи бўйича тайёрлашади, мушаклар барча муаммоларни ҳал қилади.

Иккинчидан, бу фактлар оммавий ахборот воситаларида расман эълон қилинди. Ўз навбатида, бу каби ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабар бериб турган тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига раҳмат.

Ишонаверинг, бундай ҳодисалар вилоятларда ҳам тез-тез юз бериб туради. Баъзан қандайдир «разборка»лар ҳақида этишиб қоламиз - бокс бўйича маҳаллий чемпион кимнидир калтаклагани ёки муштлашувда қатнашгани ҳақида. Шу билан бирга, вилоят ИИБ баъзи вакиллари ўз курсиларини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, сукут сақлашни афзал кўришади.

Учинчидан, барча жангчиларни ички ишлар органларининг махсус ҳисобига олиш вақти келди. Бундан ташқари, профессионал жангчи катта масъулиятга эга эканини ҳам унутмаслиги лозим, унинг кучи - бу унинг масъулияти ҳам. Ҳамма ҳам кунига 8-10 соат давомида спорт билан шуғуллана олмайди. Кўпчилик ўзини бошқа фаолият соҳаларида синаб кўради.

Тўртинчидан, бу ўзбекистонлик спортчиларга ярашмайди. Хабарлар МДҲнинг барча давлатларига тарқаб кетди. Кеча улар Ўзбекистон байроғини ғурур билан кўтарган бўлса, бугун безорилик билан банд.

Шу ўринда, Жамшид Кенжаев билан боғлиқ ҳодиса ҳақида. Тунги клубдаги қўриқчиларнинг профессионаллиги... Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, Жамшид Кенжаевни тунги клубда бўлган беш-олти нафар қўриқчи бемалол қуролсизлантириши мумкин эди. Бу ҳодиса инсон ўлимига олиб келмаслиги учун тегишли ҳаракатлар кўрилмаган. Пичоқ билан ташланган жангчини қўлидан уни тортиб олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўнғироқ қилиш унча ҳам қийин иш эмасди. Бироқ, 5-6 олти нафар қўриқчи уни дўппослаб, пичоқлашга киришиб кетган. 

Умид қиламизки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари юз берган ҳодисалар бўйича айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўради.

Улуғбек Акбаров

Мавзуга оид