Ўзбекистон | 20:27 / 15.08.2018
38512
2 дақиқада ўқилади

Ижобий натижа: Халқлар дўстлиги санъат саройини таъмирлаган ишчиларга иш ҳақи тарқатилди 

Куни-кеча «Халқлар дўстлиги» санъат саройини таъмирлаётган ишчиларнинг мурожаатини ўрганган эдик. Ойлик иш ҳақи масаласида муаммога учраган ишчилар «Kun.uz» сайтига мурожаат қилишга мажбур бўлишганди.

Муаммо тегишли ташкилотлар томонидан зудлик билан ўрганилди. 

Кечанинг ўзида Молия вазирлиги томонидан керакли сумма ўтказиб берилган. «Арт алианс» фирмаси раҳбарияти эса кечга яқин ходимларининг иш ҳақларини тарқатган. 

Фирма раҳбари ҳам кеча молиявий муаммолари сабабли бироз стресс ҳолатида бўлгани, шу сабабдан англашилмовчилик бўлганини билдириб, узрни сўради. У бундай ҳолат аввал бўлмагани, бундан кейин ҳам бўлмаслигига ҳаракат қилишини айтди. Унинг таъкидлашича, ишчиларнинг ижтимоий таъминот масаласи ҳам доимий назоратга олинган.

Ҳозирда юртимизнинг ҳар бир чеккасида чинакам ободончилик ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса пойтахт - Тошкент шаҳрида. Бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган фирмалар ўз ходимларининг ҳар томонлама таьминот масалаларига эътиборини кучайтириши зарур деб ҳисоблаймиз. Зеро, уларнинг меҳнати оғир. Муаммо пайдо бўлиши олдини олиши зарур. Умид қиламизки, юқоридагидек ҳолатлар бошқа кузатилмайди. Қурилиш фирмаси ва ишчиларга омад тилаймиз. Уларга юртимиз равнақига кўрк қўшишда давом этишларини тилаб қоламиз. Ахир, барчамизнинг мақсадимиз битта - ватанни обод қилиш.

Солижонов Зафар

Мавзуга оид