Жамият | 11:30 / 15.08.2018
17056
6 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимини қандай янгилаш мумкин?

Фото: Fotolia

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг жадал ривожланишига кескин импульс берадиган муҳим ҳужжат сифатида кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. 

Мазкур қарорнинг пировард мақсади олий таълим тизимида туб ўзгаришлар ясашга қаратилган бўлиб, унинг ижрочиси ўқитувчи шахсининг мавқеини жамият олдида тиклаш, таълимга алоқаси бўлмаган ишларга  жалб қилинишига чек қўйиш, шу билан биргаликда унинг профессионаллик даражасини ва масъулиятини ошириш, ўқитиш тизимига янги шаклларни жорий этиш ва бошқаларни назарда тутади. 

Бу қарор таълим ислоҳотлари орасидаги жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли биз мазкур қарордаги 3та муҳим ҳолатга: олий таълимда ишлайдиган профессор-ўқитувчилар, раҳбарлар ва таълим соҳаси бўйича мутасаддиларнинг диққатини тортмоқчимиз. Биринчиси, талабалар билимини баҳолашнинг шаффоф ва адолатли, дарс берган ўқитувчи иштирок этмайдиган тизимни жорий қилиш бўлса, иккинчиси, талабанинг ўзлаштириш даражаси - профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони сифатида олиниши, учинчиси эса, профессор-ўқитувчиларни ишга олишда синов дарсларини ўтказишдир. Ҳақиқатан ҳам бу уч ҳолат таълим сифати ва самарадорлигини белгиловчи асосий омиллар қаторига киради. 

«Тўрачилик»нинг даври ўтди

Тан олиш лозимки, олий таълим муассасаларидаги барча профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар ҳам бу қарорнинг мазмун-моҳиятини тўлиғича тўғри талқин қилаяптилар, деб бўлмайди. Гоҳида профессор-ўқитувчилар томонидан дарсни бир ўқитувчи ўтса-ю, имтиҳонни бошқа ўқитувчи олса, ёки мустақил тест назорати ўтказилса, дарс ўтган ўқитувчининг фани тўғри ва холисона баҳоланади-ми деган ҳадик ҳам учраб туради. Талабани холисона ва шаффоф баҳолашнинг энг мақбул усулларидан бири бу фан ўқитувчиси иштирок этмаган (ёки унинг таъсири бўлмаган)тест назоратидир. Бу механизмни аксарият профессор-ўқитувчилар қўллаб-қувватлайдилар, биз бунга аминмиз. Чунки ОТМларда ишлайдиган профессор-ўқитувчиларнинг ниҳоятда кўпчилиги фидойи ва ҳалол инсонлар. Лекин шу билан бирга ўқитувчилар ичида, улар озчилик бўлсада, ҳали «тўрачилик» кайфияти билан юрганлар ҳам бор. 

Бундан ташқари, модомики, профессор-ўқитувчининг фаолияти дарс берган гуруҳдаги талабаларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси билан белгиланар экан, у ҳолда ўқитувчи ҳаттоки фанни ўзлаштира олмаган талабага ҳам ижобий баҳо қўйиб, ўзининг рейтингини кўтариши мумкин, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам талаба билимини баҳолашнинг холисона, шаффоф ва дарс берган ўқитувчидан боғлиқ бўлмаган баҳолаш тизимини яратиш зарурияти туғилмоқда. Бу икки ҳолат ўқитувчини ўз устида ишлашга олиб келиши билан биргаликда талабани ўқишга, айниқса, мустақил кўпроқ шуғулланишга ундайди.

Бу механизм қандай ишлайди?! Энг аввало, ҳар бир ўқув йили якунида ОТМнинг ҳар бир профессор-ўқитувчисининг фаолияти баҳоланади (имтиҳон қайдномалари, холис комиссия синовлари асосида) ва улар асосида факультет (таълим йўналиши ёки фан тури) ва ОТМнинг ўртача кўрсаткичи аниқланади. Фараз қилайлик, университетнинг 2019-2020 ўқув йилидаги ўртача ўзлаштириш кўрсатгичи 78 балл. Бу ўртача кўрсатгичдан юқори натижаларга эришган ходимлар рағбатлантиришга, шартномалар тузишга тавсия этилади, бу кўрсатгичдан 2 марта (39 балл) ва ундан кам кўрсатгичли ходимлар билан ўқув-услубий бошқарма, деканатлар уларнинг малакасини ошириш, малакали устозларни бириктириш ва шунга ўхшаш тадбирларни амалга оширади. Ана шундан кейин ҳам ижобий натижаларга эришмаган ходимларни бошқа ишга ўтказиш ёки ОТМдан озод қилиш масаласи комиссия тавсиясига кўра раҳбариятга тақдимнома киритиши ёки Илмий кенгаш муҳокамасига олиб чиқилиши кўзда тутилиши мумкин.

Энди ишлаган тишлайди

Кўриниб турибдики, бу механизм ўқитувчини фидойиликка, ўз устида ишлашига мажбур этади. Иккинчи томондан эса ўқитувчи талабани кўпроқ ўқишга, мустақил ишлашга ундайди. Талаба-ўқитувчи тандеми, яъни «Устоз-шогирд» тизими шаклланади.

Мамлакатимизда юз бераётган демократик жараёнлар туфайли ижтимоий тармоқларда журналистларнинг ҳам, ўқитувчиларнинг ҳам, шунингдек, ватан равнақига бефарқ бўлмаган инсонларнинг ҳам олий таълимни яхшилаш бўйича таклиф-мулоҳазалари, таҳлиллари эълон қилинмоқда. Жумладан, А.Каримованинг «Kun.uz»да нашр этилган «Олий таълим тизими янгиланиши зарур» номли мақоласида ҳам айнан «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини баҳолаш тўғрисида низом»га ўзгартириш лозимлиги бежиз таъкидлаб ўтилмаган.

Яна бир муҳим нарса – бу ОТМ профессор-ўқитувчисининг кераксиз ҳисобот ва топшириқларга боғланиб қолиши масаласи. Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил октябрь ойида тасдиқланган «Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари таркибинининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар юкламасини аниқлаш қоидалари»ини ҳам ўзгартириш вақти келди. Ушбу ҳужжат асосида ўқитувчи зиммасига қўйилгани кўплаб топшириқ ва вазифалар кўзбўямачилик ва сохта ҳужжатлар қилинишга олиб келмоқда. Бу эса педагог ўқитувчининг ўз устида ишлаш вақтини беҳуда сарфланишига сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча жабҳалари каби таълим соҳасида ҳам улкан муваффақиятларга эришимиз мумкин - қачонким бизнинг тафаккуримизда тубдан ўзгариш юз берса, бошқача айтганда, эскича яшаш ва ишлаш «кайфияти»дан холос бўлсак.

Мўмин Қодиров 
СамДУ кафедра мудири

Мавзуга оид