Ўзбекистон | 21:40 / 16.08.2018
295543
4 дақиқада ўқилади

Расман: Кириш имтиҳонларида минимал балл тўплаганлар ҳам талабага айланиши мумкин

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул бўйича Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг қарори тўғрисида янги маълумот берди.

2018 йил 16 августда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 6-сон баёни қабул қилинган.

Баёнда қуйидагилар бўйича мажлис қарори қабул қилинган.

Биринчидан, республика олий таълим муассасаларига давлат грантининг минимал ўтиш бали 68,0 балл (энг юқори ўтиш бали 189,0 баллнинг 36%), тўлов-контрактнинг минимал ўтиш бали 56,7 балл (энг юқори ўтиш бали 189,0 баллнинг 30%) этиб белгиланган.

Бунда, олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш амалдаги қонунчиликка асосан амалга оширилади.

Иккинчидан, тўлов-контрактнинг минимал ўтиш бали 56,7 балл эканлигини инобатга олиб, Давлат тест маркази 2 кун муддатда тест синовлари натижалари қайдномаларини қайтадан кўриб чиқиб, қабул квотаси тўлмаган таълим йўналишларининг қабул чегарасини туширади ҳамда ўрнатилган тартибда қайдномаларни чоп этиб, олий таълим муассасаларига етказади.

Учинчидан, оширилган тўлов-контракт бўйича:
56,7 баллдан юқори балл тўплаган абитуриентлар учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 13 августдаги 5-сон баёнининг 1-иловаси билан тасдиқланган оширилган тўлов-контракт миқдори этиб;

56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентлар учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 13 августдаги 5-сон баёнининг 1-иловаси билан тасдиқланган оширилган тўлов-контракт миқдорининг 2 баробари этиб белгиланди.

Бундан ташқари, тест синовлари натижаси бўйича етарли балл тўпламаган ва оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентларга оширилган тўлов-контрактнинг миқдори (баробари) кам бўлган таълим йўналишини танлаш имконияти берилди. Бунда, абитуриент тест топширган фанлар мажмуасининг (фан блокларининг ўрни) мослиги ҳамда унинг доимий яшаш жойи ва ҳужжат топширган олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуд мезон сифатида белгиланди.

Оширилган тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилишда олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик ҳамда моддий-техник имкониятлари инобатга олинади.

Шу тариқа, қабул квотасида жой бўлса ҳам қабул қилинмаган ва 56,7 дан 68 гача балл тўплаганлар тўлов-контракт асосида, 68 дан 75 гача балл тўплаганлар эса бюджет асосида талаба бўлади. 56,7 баллдан кам балл тўплаганлар эса оширилган тўлов-контракт миқдорининг (супер-контракт) 2 баробарини тўлаб, талабага айланиши мумкин.

Бундан аввалроқ супер-контракт нархлари эълон қилинганди.

Унга кўра, энг арзон супер-контракт нархи 82 миллион 935 минг сўм, (унинг икки баробари 165 млн 870 минг сўм) бўлса, энг қиммати 276 миллион 450 минг сўм (унинг икки баробари 552 млн 900 минг сўм) этиб белгиланади.

Мавзуга оид