Жамият | 20:43 / 22.08.2018
51799
3 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар эътиборига лойиқ маскан - Нанай шаршараси (фотожамланма)

Тошкент вилоятидаги Нанай қишлоғида бўлганмисиз? Агар бормаган бўлсангиз, албатта, уни рўйхатингизга қўшиб қўйинг. 

Нанай - Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳридан 50 км узоқликда жойлашган сўлим гўша. 

Аҳолиси 1500 кишини ташкил этувчи Нанай аҳли боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Меҳнаткаш ва меҳмондўст Нанай аҳолисининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Нанай шаршараси – Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида шимоли-шарқий қисмида Тошкент шаҳридан тахминан 130 км масофада жойлашган, жануби-шарқий қисмида - Чорвоқ сув омбори, шимолий қисмида - Чотқол  тоғ тизмаси мавжуд. 

Шаршара қишлоқ кўркига янада кўрк бахш этади. У Чотқол тоғ тизмаларидан ташкил топган, унинг баландлиги 5 метрни ташкил этади.

Нанай қишлоғининг фахри ва ғурури ҳисобланган шаршара аҳоли яшаш жойидан сой бўйлаб жануб томонга 1500 метр ичкарида жойлашган. У ерга ёзнинг айни чилласида борган бўлишимга қарамай, шаршара суви муздек эди. 

Шаршарага сув ёқалаб сўқмоқ йўлакча орқали борилади. Бошланиш ўзани  Ақсарсойдан келадиган бу жилға қишлоқ аҳолисининг сув суғориш ишларига йўналтириш мақсадида зовур ариқларни кавлаш жараёнида юзага келган. 8-10 метр баландликдан тушадиган шаршара 2014 йилда реконструкция қилинган.

Шаршара атрофига каравот-супалар жойлаштирган. Тахминан 50-60 кишини сиғдира олувчи бу супалар ижара эвазига дам олувчилар ва сайёҳларга берилади. Шаршаранинг ўзини томоша қилиш ва чўмилиш бепул, албатта. 

Нанайда асосан ички туристларга дуч келдим, дам олаётганларнинг деярли бари ўзбекистонликлар. Биргина хорижлик оилага дуч келдик. 

Шаршарага элитувчи йўлларга эътиборлироқ бўлиб, шаршарага яқин жойда ҳожатхоналар қуриб, меҳмонлар  учун тамаддихоналар ва дўконлар ташкил этилса-ю, бу масканга хорижий сайёҳларни ҳам кўпроқ олиб борилса, янада мақсадга мувофиқ бўларди, назаримда. Зеро, Нанай шаршараси ва умуман қишлоқ табиати бундан-да кўпроқ эътиборга лойиқ. 


Лола Раҳмонбоева

Мавзуга оид