Спорт | 00:45 / 24.08.2018
11827
3 дақиқада ўқилади

Бразилия футболининг бош коррупционери 4 йилга қамалди - у ким эди?

Бразилия футбол конфедерациясининг (CBF) собиқ раҳбари Жозе Мария Марин Нью-Йорк суди томонидан коррупцияда айбдор деб топилди ва 4 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Ҳукм ўқилган пайтда 86 ёшли мулозим кўз ёшларини тийиб туролмади.

Марин ким бўлган, қандай ишларни қилган ва нега бундай жазога тортилган? Россиянинг «Чемпионат.ру» сайти журналисти Григорий Телингатер бу ҳақда мақола ёзди.

Жозе Мария Марин 1932 йилда Сан-Паулу шаҳрида туғилган. Собиқ футболчи, сиёсатчи, бир неча партиялар аъзоси, шу шаҳарнинг губернатори бўлган. 

Марин 2012-2015 йиллар давомида CBF раҳбари бўлиб ишлаган. У ўз лавозимидан фойдаланиб, футбол мусобақалари билан боғлиқ ҳомийлик ва маркетинг шартномаларини имзолаш пайтида 6,55 миллион евро миқдорида пора олган. Жиноятлар АҚШ ҳудудида тайёрланган ва амалга оширилган, пуллар Америка банклари орқали ўтказилган. Шу туфайли, Марин иши билан Нью-Йорк суди шуғулланди.

Марин 2015 йил май ойида, Цюрихда ўтказилган ФИФА конгресси пайтида ҳибсга олинган 5 нафар мулозимдан биридир. Бу воқеалар туфайли, бир неча кун олдин 5-муддатга қайта сайланган бўлишига қарамай, Йозеф Блаттер ФИФА раҳбари лавозимини тарк этганди.

Марин 2012 йилда барчанинг эътиборига тушган нохуш воқеа «қаҳрамони»га айланди. У CBF вице-президенти лавозимида ишлаган пайтида, Сан-Паулу штати ўсмирлар чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросимида, медаллардан бирини чўнтагига солгани телекамералар нигоҳига тушади. Натижада, «Коринтианс» ўсмирлар жамоаси дарвозабони медалсиз қолади. Бироқ, бу воқеа унинг лавозим зинапоясида юқорилашига ҳалал бермайди. Орадан 2 ой ўтгач, Марин CBF раҳбари бўлди.

2014 йили CBF қароргоҳи Марин шарафига номланди. Бироқ, у ҳибсга олинганидан бир кун ўтгач, қароргоҳ номи ўзгартирилди.

Бразилиялик журналист Маркес Дасслер мулозимнинг ҳисбга олиниши унинг ватанида қандай кутиб олингани ҳақида гапириб берди.

«Марин CBF президенти бўлганида, ҳамма ҳайрон қолди. У 2012 йилдаги тақдирлаш маросимида медални ўзлаштириб олганди. Бундан ташқари, сиёсатчи сифатида ҳам ёмон таассурот қолдирди, Сан-Паулу шаҳри губернатори сифатида ҳеч қандай ютуқларга эришолмади.

2012 йили у негадир Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Мано Менензесни истеъфога чиқариб юборди, ваҳоланки, жамоа натижалари ёмон эмас эди. 

Унинг қамоқ жазосига маҳкум қилиниши – футбол учун салбий шахс бўлганидан далолат бермоқда. Бразилия жамияти унинг жазоланганини олқишлади».

Марин тергов чоғида 13 ой қамоқда ўтирди. Демак, у яна уч йиллик умрини панжара остида ўтказади. 86 ёшга кирганини эътиборга оладиган бўлсак, бу жуда катта муддат...

Мавзуга оид