Спорт | 15:24 / 01.09.2018
21563
2 дақиқада ўқилади

Иқболжон Холдоров: «Сенсацион натижа билан қайтамиз, деб ният қилгандик»

Осиё ўйинлари чемпионига айланган боксчи Иқболжон Холдоров тақдирлаш маросимидан сўнг Kun.uz мухбирига интервью берди.

«Худога шукр, боксда ҳаммаси жуда чиройли ўтди. Етти нафар боксчимиздан ҳаммамиз финалга етиб келдик. Бу ғалабаларимизни президентимизга, Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамига бағишлаймиз. Ўйлайманки, бу муваффақиятларимиз Ўзбекистон байрам учун яхши совға бўлади. 

Умуман олганда, Осиё ўйинлари кичик Олимпиада ҳисобланади. Бу мусобақаларга ҳар бир спортчи катта умидлар, катта масъулият, тайёргарлик билан келади. Илк жангларимиз осон бўлмаслигини ҳам яхши билардик, сабаби барча рақиблар бизни ютаман, деб чиқди. Ўйлайманки, тайёргарлик яхши бўлди - 7 нафар спортчидан барчаси финалга чиқди. Осиё ўйинлари бизга дарс ҳам бўлди. Аввал кўзга кўринмаган спортчилар ҳам бу ерга кучли тайёргарлик билан келишини билдик. Мўғулистон, Филиппин, Ҳиндистондан кучли боксчилар келибди. 

Олдиндан биздан қанча боксчи финалга чиқиши ҳақида ўйламагандим. Ҳамма ютиш учун келади. Биз бу ерга рекорд натижа учун келдик, фақат олтин учун ҳаракат қилдик. Ҳаммамиз чемпион бўлиб, олтин олиб, Ўзбекистонга сенсацион натижа билан қайтамиз, деб ният қилгандик», - дейди Холдоров.

Мавзуга оид