Осиё ўйинлари кундалиги. Яна икки олтин ва янгиланган рекорд
Бир кунда яна 7 медал қўлга киритилди. Ўзбекистон делегацияси олтин медаллар ва жами медаллар сони бўйича Осиё ўйинлари тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.
7 октябр куни ҳам Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларида 9 та спорт тури бўйича баҳсларда ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Ўзбекистон жамоаси кунни икки олтин, бешта бронза медал билан якунлади.
Эркин кураш
Эркин курашчилар учун турнир муваффақиятсиз якунланди - жамоа якунда атиги икки бронза билан кифояланди.
Бугунги баҳсларда иштирок этган тўрт нафар спортчидан бирортаси финалга чиқа олмади.
Икки карра Осиё чемпиони, Рио Олимпиадаси ва Жакартадаги Осиё ўйинлари совриндори, 38 ёшли курашчи Магомед Ибрагимов (-97 кг) илк босқичдаёқ эронлик Мужтаба Гулежга ютқазди (7:13), бу рақиби финалга чиққани эвазига бронза учун ўтиш баҳсларида қатнашиш имконига эга бўлди, аммо ўтиш баҳсларининг биринчисида мўғулистонлик Гункҳуян Ганбатарга мағлуб бўлди (4:14).
-125 кг вазн тоифаси вакили Ҳасанбой Раҳимов иштирокини яхши бошлаганди, у дастлабки босқичда Жанубий Корея вакили Еҳун Жунг тўсиғидан ўтди (9:0), чоракфиналда япониялик Таики Ямамотони ҳам таслим этди (5:0). Аммо яримфиналда мўғулистонлик Мунктурга ютқазди (0:2), бронза учун кечган баҳсни ҳам қирғизистонлик Айал Лазаревга бой берди (6:7).
Ўз вазн тоифаси фаворити бўлган Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг) иштирокини Баҳрайн номидан қатнашган Магомедрасул Аслуев устидан ғалаба қозониш билан бошлади (2:0), кейин қозоғистонлик Дархан Ессенгалидан устун келди (3:1), аммо яримфиналда япониялик Кирин Киношитага ютқазиб қўйди (0:6). Бронза учун баҳсда туркманистонлик Перман Ҳоммадовни мағлуб этди (4:0).
Шу тариқа, Токио олимпиадаси совриндори, Осиё чемпионати ва Осиё ўйинларининг икки карра ғолиби бу сафар олтинга эга чиқа олмади.
-86 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жавраил Шапиев дастлабки босқичда покистонлик Ҳайдар Али Буттга имконият қолдирмади (11:0), кейин қозоғистонлик Азамат Давлетбековдан устун келди (4:3). Аммо яримфиналда Пуния Дипакка ютқазди (3:4) ва Баҳрайн номидан қатнашган Магомед Шариповни енгиб (3:0), бронза медали билан кифояланишга мажбур бўлди.
Карате
Каратэ WKF йўналиши бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Севинч Раҳимова делегация учун навбатдаги олтин медалини тақдим этди.
-55 кг вазн тоифасида қатнашган ёш спортчи 1/8 финалда таиландлик Чокпрасетргулни (1:0), чоракфиналда мезбон спортчи Дингни (7:0), яримфиналда жанубий кореялик Ҳвангни (8:0) мағлубиятга учратиб, финал чиқди. Олтин учун баҳсдада эса Тайбей вакили Суи-Пинг Куни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди.
Осиё чемпионатининг кўп карра совриндори, 2018 йил Жакартада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритган Садриддин Сайматов эса ишончни оқламади. -67 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи илк босқичда қирғизистонлик Нурланбек Калис Улуга қарши баҳс ўтказди, жанг якунига 10 сония қолаётган вақтда 4:2 ҳисобида устунлик қилиб турган Сайматов сўнгги сонияларда зарбаларни ўтказиб юборди ва мағлуб бўлди (4:5).
8 октябр кунги баҳсларда карате жамоасининг яна бир вакили Шаҳризода Исматиллаева (-50 кг) ўз имкониятини синовдан ўтказади.
Футбол
Осиё ўйинлари-2022 футбол дастурида 3-ўрин учун баҳсда Ўзбекистон олимпия жамоаси Ҳонгконгга қарши майдонга чиқиб, турнир тарихида 29 йил ўтиб бронза медалига эга чиқди.
Темур Кападзе шогирдлари турнирда учинчи марта Ҳонгконгга қарши рўбарў келишди. Гуруҳ босқичида икки марта рақиб устидан кичик ҳисобда (1:0, 2:1) ғалабага эришган олимпиячилар медал учун баҳсда рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол йўллади – 4:0. Алишер Одилов биринчи бўлим охирида ҳисобни очган бўлса, Ҳусайн Норчаев дублга эришди, Алибек Давронов эса якуний ҳисобни ўрнатди.
Шу тариқа, Ўзбекистон бронза медалига эга чиқиб, Осиё Ўйинлари футбол баҳсларида 29 йил ўтиб совриндорлар қаторида бўлди. Бунгача турнирдаги илк медал Хиросимада ўтган 1994 йилги турнирда қўлга киритилган – олтин.
Яримфиналда Ўзбекистон жамоасини мағлуб этган (2:1) Жанубий Корея эса финалда Япония устидан ҳам ғалаба қозониб (2:1), Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Оғир атлетика
+87 кг вазн тоифасида иштирок этган Турсуной Жабборова даст кўтаришда 118, силтаб кўтаришда 142 кг тош кўтарди, аммо унинг натижаси (260) бешинчи бўлди. Бу вазнда Жанубий Корея вакиллари олтин (294) ва кумуш (283), Таиланд вакили бронза (275) қўлга киритди.
2018 йил Жакартадаги Осиё ўйинлари бронза медали совриндори бўлган Рустам Жангабоев ўз натижасини такрорлади. +109 кг вазн тоифасида иштирок этган оғир атлетикачи даст кўтаришда 190, силтаб кўтаришда 233 кг тошни ўзига бўйсундириб, жами 423 кг натижа билан учинчи бўлди.
Бу вазнда ғолиблик Баҳрайн номидан қатнашиб, Осиё ўйинлари рекордини янгилаган Гор Минасян томонидан қўлга киритилди (212+245=457), иккинчи ўринни эса эронлик Али Довуди эгаллади - у иккикураш натижасига кўра 426 кг тош кўтарди (192+234).
Шахмат
Ўзбекистон йигитлар жамоаси сўнгги 9-турда Таиланд устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва учинчи ўринни эгаллади. Олтин Эрон жамоасига, кумуш Ҳиндистон жамоасига кетди.
Қизлар жамоаси эса сўнгги турни Қозоғистонга қарши ўтказиб, 1:3 ҳисобида ютқазди. Хитой, Ҳиндистон ва Қозоғистон жамоалари мос равишда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
Шу тариқа, шахмат жамоаси жами тўрт медал қўлга киритди. Яккалик баҳсларида Нодирбек Абдусатторов ва Умида Омонова кумуш, Жавоҳир Синдаров бронза медални қўлга киритганди.
Слаломда эшкак эшиш
Байдарка слаломида эшкак эшиш бўйича яримфинал беллашувларида иштирок этган Ўзбекистон жамоаси аъзоси Жонибек Темиргалиев финал йўлланмасини қўлга киритди. У 106.30 сония билан тўртинчи натижани қайд этди. Аммо финалда ҳам тўртинчи ўринда қолиб кетди. Бу дастурда медаллар Хитой, Япония ва Тайбей вакилларига насиб этди.
Ўзбекистоннинг иккинчи вакили Шаҳобиддин Болтабоев эса яримфиналда 11-ўринни эгаллаган.
Жиу-житсу
Ушбу спорт бўйича Ўзбекистон жамоаси турнирни ўта муваффақиятсиз якунлади, жамоанинг сўнгги вакили Озода Нурматова илк босқичдаёқ БАА вакили Муҳра Маҳфудга ютқазди (2:50).
Синхрон сузиш
Финал босқичига чиққан Диана Онкес ва Зиёдахон Тўрахўжаева жуфтлиги якунда олтинчи ўринни эгаллади. Бу дастурда медаллар Хитой, Япония ва Қозоғистон вакилларига насиб этди.
Бадиий гимнастика
Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Тахмина Икромова делегацияга навбатдаги олтин медални тақдим қилди. Яккаликнинг кўпкураш дастурида иштирок этган спортчи 131.300 балл билан энг яхши натижани қайд этди. Қозоғистонлик Элжана Таниева ҳамда Милана Парфилова иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади, ўзбекистонлик Эвеляна Аталянц тўртинчи ўринда қолиб кетди ва совриндорлар қаторига кира олмади.
Париж-2024 Олимпиадаси лицензиати 6 октябр кунги баҳсларда жамоамий дастурда ҳам олтин медалга эга чиққан эди.
***
Кун якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 22 тага, бронза медаллар сони 31 тага етди, кумуш медаллар сони 18 талигича қолди. Ўзбекистон жами 71 та медал билан умумий рейтингда 5-ўринни эгаллаб турибди.
Бу орқали Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари тарихидаги энг яхши натижаси қайд этилмоқда. Олтин медаллар сони бўйича ҳам, жами медаллар сони бўйича ҳам Жакарта-2018 натижаси яхшиланди. Индонезиядаги турнирда Ўзбекистон 21 та олтин медал (жами 70 та) қўлга киритганди, аммо допинг туфайли кураш жамоасининг бир олтини олиб қўйилганди.
Мавзуга оид
18:46 / 06.10.2023
Осиё ўйинлари кундалиги. Хафа қилинган Анвар, йиғлаган Акбар ва ягона олтин
19:52 / 05.10.2023
Осиё ўйинлари кундалиги. Боксдаги олтинлар ва уч карра совриндор бўлган Ассакалов
20:15 / 04.10.2023
Осиё ўйинлари кундалиги. 17 ёшли Шарифадан олтин ва ҳиндлар билан қувлашмачоқ давом этади
20:42 / 03.10.2023