Ўзбекистон | 16:49 / 04.09.2018
7142
4 дақиқада ўқилади

Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик якуний босқичга кирди

Яшил шаҳар дея эътироф этилувчи гўзал ва мафтункор Шаҳрисабзда 6-10 сентябрь кунлари ўтадиган Халқаро мақом санъати анжуманига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни вақтда ушбу нуфузли санъат анжуманига тайёргарлик якуний босқичга кирган.

ЎзА мухбири мазкур санъат байрами олдидан Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров билан суҳбатлашди.

– Мақомни ҳис қилиш, унинг маъносини англаб тинглаш барчага ҳам насиб этмайди. Мақом шундай кучли оҳанрабоки, уни ижро этган сари янги-янги маъносини англайсиз. Қадимда не-не зотлар мақомга ошуфта бўлмаган, уни севиб тингламаган. Қомусий олим Форобийдан тортиб, улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий, буюк математик ва астроном Мирзо Улуғбек ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар бўш вақтларида мусиқа илми билан шуғулланишга куч топган, куй басталаган. Шундай улуғ зотларни ўзига мафтун этган мақомни севмаслик, уни маромига етказиб ижро этмаслик мумкинми?!

Амалиёт бўлмаса назария пайдо бўлмайди. ХV асрдан ХVIII асрга қадар Шарқ мамлакатларида мақом ижрочилиги анча ривожланган. Орада бироз сусайган бу санъат тури ХХ аср бошларига келиб яна юксалган.

Академик Юнус Ражабий ташкил этган мақом ансамбли ўзбек мақомининг сақланиб қолиши ва ривожида катта аҳамият касб этди. Шу билан бирга мақом назариясида ўз зеҳни ва тафаккурига эга Исҳоқ Ражабий, Отаназар Матёқубов ва Илёс Акбаров томонидан Шарқ мусиқаси тарихида улкан бойлик саналувчи тадқиқотлар олиб борилди.

Юртимизда асос солинган мақом назарияси жуда кучли. Уни нафақат ёш ижрочилар, балки таниқли санъаткорлар ҳам ҳали чуқур англаб етгани йўқ. Мақомчилик амалиётини ривожлантириш учун биз мақом усулларига, мусиқа илми дурдоналарига мурожаат этибгина қолмасдан, мумтоз адабиётни, мақом пайдо бўлган даврлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ҳам чуқур ўрганишимиз лозим. Мақомнинг ҳар бир сўзида дард, изтироб, ўй-кечинмалар ётади. Буни англаш учун ҳофиз ҳам филолог, ҳам тарихчи бўлиши зарур. Айни пайтда мақомни ижро этишда ҳофиздан моҳир актёрлик талаб қилинади. Шулар уйғун бўлсагина мақомчилик амалиётини ривожлантирган бўламиз.

Шарқ мусиқий тамаддунининг муҳим бойлиги бўлган мақомни туркий тилда сўзлашувчи барча халқлар тан олади ва севиб куйлайди. Унинг қандай аталишининг фарқи йўқ. Муҳими, сўзларини аслича сақлаш, келажак авлодга соф ҳолича етказиш бизнинг бурчимиз.

Тан олиш керак, охирги 15-20 йил ичида мақом санъатимиз бироз оқсаган пайтлар бўлди. Уни ким қандай хоҳласа шундай ижро эта бошлади. Аммо бугун мақом санъат оламида яна ўз мавқеини тиклади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мақом санъатига қаратилаётган эътибор унинг жонланишига кучли туртки бўлди.

Шу кунларда қадимий Кешга Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этиш учун хорижий давлатлардан машҳур хонандалар, созанда-ю мақом билимдонлари, меҳмонлар ташриф буюради. Ушбу анжуман ўзбек мумтоз мақомининг кенг тараннум этилишига хизмат қилади.

Тажрибали ва ёш мусиқашунос олимлар, хонанда ва созандалар иштирокида ташкил этиладиган анжуман халқимиз ва турли мамлакатлардан келадиган санъат усталари учун ҳақиқий байрамга айланади. Ишонамизки, халқаро анжуман турли халқлар вакилларини санъат воситасида бирлаштиради, мақом санъатини жаҳонда янада юксалтиради.

Мавзуга оид