Жамият | 12:10 / 04.09.2018
29008
14 дақиқада ўқилади

Мафкура таназзули: «маънавият»га «ем» бўлган фалсафа

Мафкураки адолатсизликка кўз юмса, маъсумни маъдур этса, мазлумни золимдан ҳимоя қила олмаса у таназзулга маҳкумдир!

Мафкура — мисоли бир тирик руҳдир. Доимий равишда маърифат билан суғорилиб турилсагина ўлмайди!

Инсонни яратганнинг меҳрига лойиқ даражага олиб чиққан руҳият мисол, мафкура ҳам давлатнинг дарожотини белгилаб беради.

Миллий истиқлол қўлга киритилган илк йилларда янги шакллантирилган, маърифат билан суғорилган, йиллар мобайнида такомиллаштирилган миллий истиқлол мафкураси вақт ўтган сари, яъни 2000-йилларга келиб замон талабига жавоб бермай қолди.

Бунинг иккита сабаби бор эди.

Биринчиси — йиллар ўтган сари мафкура маърифат билан эмас маддоҳлик суви билан суғорила бошланган эди.

Иккинчи сабаби — биринчи сабабнинг мантиқий давоми ва маҳсули эди. Яъниким, миллий мафкура маддоҳликка айлангани сайин заифлашиб ўз моҳияти бўлган миллий иродани шакллантиришга эмас, шахсни улуғлашгагина хизмат қила бошлади.

Аслида, миллий истиқлол мафкурасининг таназзули ҳақида сўз юритиш мен учун осон иш эмас, жуда оғриқли жараён бу. Аммо, модомики, бугун жамият танаси учун янги бир руҳ керак экан, янги бир мафкура керак экан, биз ҳақиқатнинг юзига тик боқмоғимиз ва ўз айбларимизни, хатолар ва янглишларимизни яхши таниб олмоғимиз керак. Токи, яна эски хатолар такрорланмасин.

Бедилнинг бир сўзи бор: «ҳар кўзки ибрат олмаса кўрдир», дейди шоир. Бугун тарих биздан ибрат олмоқни, кўр бўлмасликни талаб этмоқда.

Фалсафанинг ўлими

Ларошфуко шундай деган эди: «Фалсафа ўтмиш ва келажак муаммолари устидан ғалаба қозонади, бугуннинг муаммолари эса Фалсафанинг устидан ғалаба қозонади».

Бизда айнан шундай бўлди. Вақт ўтгани сайин Фалсафани бугунги кун муаммолари енгди. Мафкурани кучайтириш мақсадида чин маънавият аввал фанга айлантирилди. Предметга айлантирилди. Ундан сўнг маънавият бугунги кунга мослаштирилди. Унга замонавий шакл берилди.

Минг йиллардирки миллатнинг қадриятларини ўзида мужассам этган маънавият аввал фанга айлантирилди, шаклга солинди, ундан сўнг замонавий қуролга айлантирилди. Қуролки, ўсмоқчи бўлганларга маддоҳлик учун, ёқтирилмаганларни йўқ қилиш учун бадном қилиш қуролига айлантирилди.

Қонуний айбловлар қўйилиши қийинроқ ҳолатларда осонгина маънавий айблов қўлланила бошланди. Ҳур фикр ва эркин сўз кимгадир ёқмаса, фикр билдирган ёки сўз айтган шахсни осонгина «миллий маънавиятимизга зид қарашга эга», деган айблов билан жамиятда бадном қилиш имкони пайдо бўлди.

Бу ерда нозик икки нуқтани унутманг, муҳтарам ўқувчим, биринчиси — биз сўз юритаётган, қуролга айланган сунъий маънавият билан асл маънодаги чин маънавиятнинг ҳеч бир алоқаси йўқ! Иккинчиси — мен маънавиятга қарши эмасман, билъакс, инсон ҳам, жамият ҳам маънавиятсиз руҳсиз тана каби эканлигини, чин маънавиятсиз яшаб бўлмаслигини эътироф этаман.

Миллат руҳиятини тарбия қилиш, миллатни миллий ва умуминсоний юксак ахлоқ принциплари асосида камолга етказиш воситаси бўлган маънавият, икки мингинчи йиллардан сўнг сиёсий тарғибот машинасига айлантирилди. Ўрни келганда бу машина миллат шоирларини маънан ўлдирди, ижод эркинлигини бўғди, ўрни келганда тарихий ҳақиқатларни инкор этди, баъзи тарихий шахсларни бадном этди.

Энг асосийси, фан сифатида ўқитила бошланган маънавият соатлари кўпайтирилиб, аксар ҳолларда Фалсафа фанлари сиқиб чиқарила бошланди. Фалсафани «маънавият»га ем қилдик!

Фалсафа ва мантиқ фанларининг маънавият фанига алмаштирилиши ёлғонни келтириб чиқарди. Бу эса жамиятда кўпроқ, ким чиройлироқ ҳамда баландроқ бонг уриб бугунги кунни мақтаса, ўшанинг ошиғи олчи бўлишига имкон яратди. Маддоҳликни трендга айлантирди. Айтилаётган мадҳлар ўша кунга мос «ҳақиқат»лар қанчалик мантиққа тўғри келади ёки келмайди, буниси муҳим эмас! Асосийси — ҳаммадан баландроқ айтиш бўлиб қолди. Баланд овоз эса ҳамиша бўш идишдан чиқиши ҳаммамизга маълум.

Бунинг табиий ва мантиқий маҳсули ўлароқ жамият моддиятни маънавиятдан устун қўя бошлади. Аммо, шунда ҳам соғлом моддият қарашлари эмас, радикал моддият қарашлар шакллана борди. Натижада, миллий иқтисодиёт зарар кўра бошлади. Ҳар қандай ривожланган мамлакатда мавжуд бўлган миллий иқтисодий ирода бизда пайдо бўлмади. Айнан шу сабаб шахсий иқтисодий манфаат кўриш илинжида миллий иқтисодга зарар бериб қўйишдан қўрқмай қўйди одамлар. Контрабанда йўллари орқали контрафакт маҳсулотларни олиб келиб, ёки солиқдан фойдасини яшириб миллий иқтисодиётга зарар бериш орқали Ватани ва ўз фарзандлари келажагига зарар бераётгани ҳақидаги ўй «тадбиркор»ларда шаклланмади. Гобснинг «Инсон инсонга бўри» деган фикри турмуш тамойилига айланди.

Айнан миллий мафкуранинг ана шундай қўғирчоқ маънавият орқали тарғиботи мамлакатимизда террор уруғининг сепилишига ҳам имкон яратди. Чунки терроризмни вужудга келтирадиган омиллардан энг каттаси радикал қарашлар урчиши ва экстремистик кайфият пайдо бўлиши учун диний мафкуранинг таназзулга юз тутиши керак эди.

Бу қандай амалга оширилади? Жуда осон. Исталган жамиятда бир-бирини инкор этувчи диний ҳақиқатлар кўпайтирилса бас. Яъни, уламоларнинг биттаси чиқиб асл ҳақиқат бу деб, бошқаси чиқиб шунинг тескарисини асл ҳақиқат деб даъво қилиши, турли ҳақиқатлар тўғрисидаги китобларни тўлдириб ташласангиз бас. Бу билан китобнинг кўпайиши таназзулга олиб келади демоқчимасман. Ҳар бири асл ҳақиқат мана шу деган даъвода ва бир-бирини тамомила инкор этувчи «ҳақиқатлар» билан йўғрилган китобларнинг кўпайиши таназзулга сабаб бўлади. Чунки бу ҳолат жамият аъзоларини турли гуруҳларга бўлиб ташлайди. Уларда бир-бирига нисбатан экстремистик кайфият уйғотади.

27 йил давомида диний қўмитанинг аввалги раҳбариятлари рухсати билан неча минглаб диний китобларнинг миллионлаб чоп этилганини бир ёдга олиб, ҳисоблаб кўринг. Буларнинг натижаси ўлароқ, ал-Бухорий, Замахшарий, Мотрудий авлодлари бўлган миллат болалари дин номи билан террор уюштираётганлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолди.

Янада даҳшатлиси, осойишта Ватанидан минглаб километр узоқларга бориб, бошқаларнинг сохта даъвоси учун курашиб, ўлиб кетаяпти. Уларга хотини бўлгани сабабли қўшилиб кетган юзлаб аёллар, ихтиёри ўзида бўлмаган болалар Сурияда террорчиларнинг бугунги қул бозорларида молдек сотилмоқда. Итдек хўрланмоқда!

Буларнинг барчаси маддоҳлик қуролига айлантирилган «маънавият»ни вужудга келтирган миллий мафкура маҳсулидир.

Албатта, танқид қилиш осон. Муродим фақат танқид эмас. Аслида, асл муродим танқид эмас. Бу ҳақиқатларни тан олиб, уларни тузатишимиз кераклиги ҳақида айтишдир. Хўш, бунинг учун нима қилмоқ керак?

Биринчиси — миллий иродани шакллантириш керак. Бир хил эмас, биттагина эмас. Миллий иқтисодий иродадан бошлашимиз керак. Миллий иқтисод бу миллатнинг бугуни ва эртаси эканлигини, миллат ва давлат боқий туриши учун миллий иқтисод юксалиши керак деган тушунчани боғча ва мактаблардан бошлаш керак.

«Солиқдан қочиш — миллатга хиёнат!» деган тафаккурни шакллантириш лозим янги авлодда. Миллий маҳсулотни сотиб олиш фақатгина ватанпарварлик эмас, айни дамда миллатпарварлик бурчи деган ҳақиқатни қалбига жо қилиш керак жамиятимиз аъзоларининг.

Иккинчиси — миллий якдиллик, миллий бирдамлик туйғуси зарур. Бу эса адабиёт ва санъат орқали эришиладиган вазифадир. Замон руҳига мос, аммо айни дамда миллий характеримиз, миллий ҳақиқатларимизни эслата оладиган, буюк миллатлигимизга ишончимизни қайтадан уйғота оладиган ва бу ҳақиқатга чин дилдан ишонтира оладиган асарлар керак.

Эришилган юксак натижаларни эмас, мардлик ва фидойиликни, жасорат ва ҳақиқатни мадҳ этадиган шоирлар керак. Инвестиция ва инновация деган шеърлар эмас, тафаккур ва илм, садоқат ва фидокорлик куч-қудратини қалбларга етказиб берадиган шеърлар керак. Ўлдим, куйдим, ёндим, кул бўлдимларни эмас, минг йиллик ижтимоий қадриятларимизни, умуминсоний юксак руҳий ахлоқни тараннум этувчи, Ватан учун гулзор ичида туриб эмас, машаққат ва синовларда, оловлар ичида айтиладиган, ҳарбий жасорат ва эркакча матонат, эркаклик иродасини акс эттирадиган қўшиқлар керак.

Биз бугун янгича тафаккур тарзи зарур эканлигини қайта-қайта эътироф этаяпмиз. Айнан адабиёт ва санъат миллат тафаккурини шакллантирадиган омилдир.

Учинчиси — бир-бирига чамбарчас боғлиқ икки муҳим ҳужжат зарур. Биринчиси миллий идеология концепцияси бўлса, иккинчиси ягона давлат диний сиёсат концепциясидир. Буларнинг нечоғлик зарурий ва бугунги кунда долзарб эканлигини мутахассислар яхши тушунишади.

Тўртинчиси — янги замонавий тамойиллар асосидаги, аммо миллий ва умуминсоний қадриятлар базасида шакллантириладиган бошқарув кадрларини тайёрлаш миллий концепцияси қабул қилиниши бугунги куннинг энг катта эҳтиёжидир.

Бешинчиси — миллий мафкурада сир бўлиши керак. Миллий мафкурада давлатчиликнинг уч ярим минг йиллик сири мужассам бўлиши керак. Худдики, минг йиллардирки, тасаввуфни яшатиб келаётган ўз сири бўлгани каби.

Олтинчиси — мушоҳадада, муҳокамада, фикрлашда, қарор қабул қилишда чин демократик тамойиллар асосида иш кўришни ўрганишимиз керак. Танқидни қабул қилишни, танқид қилишда эса ҳақорат қилмасликни ва шахсга ўтиб кетмасликни, плюрализмни хавф деб эмас, шунчаки демократик жамиятнинг ажралмас бўлаги, деб қабул қилишни ўрганишимиз керак.

Бугун ўз фикрига ва бу фикрини билдиришга иштиёқи баланд қатлам эҳтиросларга берилиб, баҳслашмокда. Шахсий фикрини мутлақ ҳақиқат сифатида эътироф эттиришга интилиш лаззати, уни ҳимоя қилиш, ҳар қандай аргументдан фойдаланиб бўлса ҳам баҳсда ғолиб бўлиш истаги ўзига хос хусусият касб этмоқда. Муаммолар ечими муаммодан эмас, оппонентлардан изланмоқда. Баҳслар курашида «Инсон инсонга бўри» тамойили амал қилар экан, жамият устидан унинг муаммолари зафар қучиши муқаррар давом этади.

Саккизинчиси — Биз ўз хатоларимиз сабабини лидерларимиздан излар эканмиз, ҳеч қачон тараққий этмаймиз. Вақт ҳамиша ўз ҳукмини ўқиб қўяди. Оқни оқ, қорани қора дейди. Биз вақт ҳукмидан қўрқмай қўйдик таассуфки! Вақт ҳукмидан қўрқишни ўрганишимиз айни дамда ҳақни айтишдан қўрқмасликка ўрганишимиз, мазлумнинг ёнида — золимнинг  қаршисида ўрин олишдан қўрқмасликни англатади.

Сўзим охирида энг муҳим уч нуқтага ойдинлик киритиб кетмоқчиман. Биринчиси, негадир кўпчилик «маънавиятчилар» сўнгги мақолаларимдан сўнг охирги пайтлар маънавиятга тош отиляпти, деган гап сўзларни айтиб юришибди экан.

Жаноблар, менинг мақсадим сиз ўйлагандек тош отишдан иборат эмас! Қайта ва қайта такрорлайман: бугун тарихдан сабоқ олиб, хатоларни таҳлил қилиб, янгидан иш бошлаш давр талабига айланди. Талабки, эҳтиёждир! Президентга суянч бўлиш учун, гапдагина эмас, амалда суянч бўла олиш учун, демократияга ўхшаш бир жамият қуриш учун эмас, чин демократик ҳуқуқий жамият қуриш учун чин маънавиятга бўлган эҳтиёж!

Иккинчиси — энг асосийсидир. Исталган бой ва бадавлат инсон ёки жамият ўз фарзанди учун қиммат ҳамда ҳашаматли шароитлар яратгани ҳолда, яхши едириб-ичиргани ҳолда таълим тарбия олиши учун маблағ қизғанганини кўрганмисиз? Ғирт мантиқсизлик шундайми?

Мафкура соҳаси ҳам маънавий тарғибот соҳаси ҳам худди шундай. Кучли мафкура, юксак маънавият тарғиботи жуда катта молиявий дастак бўлсагина кўзланган самарали натижани беради. Замон талаби шу: ҳеч қачон маънавият вакили, мафкура мутахассиси зўрға кунини кўрса, боласи эртага туфлисини йиртиб қўйса нима қиламан деб ҳадикда яшаса, юксак минбарлардан туриб юксак қадриятлар ҳақида гапиргани ҳолда, ижарада турган уйининг эгаси ижара ҳаққи кечиккани учун уни таҳқирлашига чидашга мажбур бўлса, унинг ўзи жамиятни ишонтирмоқчи бўлган юксак маънавиятга ўзи ишонмайди. Аччиқ ҳақиқат шу.

Учинчиси, муҳтарам, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси бўлолмайди, бу конституцияда ҳам таъкидланган дея иддао этадиганлар! Мен тамомила сизнинг фикрингизга  қўшиламан, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси бўлмаслиги шарт. Аммо жамият мафкурасиз яшай олмайди, худдики инсон фикрсиз яшай олмагани каби. Мафкураки — шахс ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этадиган, демократияга зид бўлмаган маънавиятга асосланадиган. Агар мафкура шахс эркинлигига дахл қиладиган бўлса унда бу таназзулга олиб келади. Худо асрасин бундай оқибатдан!

P.S. Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Саид-Абдулазиз Юсупов

Мавзуга оид