Ўзбекистон | 15:09 / 01.01.2024
15456
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилади

Ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиб, улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади. 

Фото: Самарқанд туман ҳокимлиги

Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтованинг маълум қилишича, бу ҳақда президент раислигида маънавият ва маданият фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.

Учрашувда соҳа ривожи учун алоҳида президент қарори қабул қилиниши, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилиши ҳамда “Жадид” номли янги газета ташкил этилиши билдирилди. Маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилиб, туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. 

Келгуси йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади. Мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади.

Жамиятда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга тўланаётган қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида улар 5 йилга солиқлардан озод қилинади. Мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлиги оширилиб, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид