Спорт | 16:10 / 05.09.2018
12774
3 дақиқада ўқилади

Константин Цзю Тошкентга келди ва ёш боксчиларга мастер-класс ўтказди

Бугун, 5 сентябрь куни Тошкентдаги «Универсал» спорт саройида бокс бўйича собиқ Европа ва жаҳон чемпиони, профессионал боксда ўз вақтида WBC, WBA, IBF йўналишларида чемпионлик камарига эгалик қилган Константин Цзю иштирокида мастер-класс ташкил этилди.

«Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбир йиғилганлар ўртасида катта қизиқишларга сабаб бўлди. Маҳорат сабоқлари олдидан акробатик шоу намойиш этилди. Сўнгра тадбирнинг асосий меҳмони Константин Цзю даврага чиқиб келди ва ёш боксчилар билан машғулотлар олиб борди. Ўзбек боксининг эртанги кун эгалари ўтказилган маҳорат дарсларида ўзлари учун янги бўлган бир қанча билим ва кўникмаларни ўзлаштирдилар.

Ушбу мастер-класс тадбирни томоша қилиш учун ташриф буюрган фахрийлар ва мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларида бир олам таассурот қолдирди. Тадбир давомида мухлислар Цзю билан суҳбатлашиб, суратга ҳам тушишди», дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Мастер-классдан сўнг кўнгилочар томошалар ҳам ўтказилган.

Тадбир якунида собиқ боксчига эсдалик совғалари тақдим этилди. Миллий олимпия қўмитаси номидан махсус совғани Бош котиб Жасур Матчанов топширди.

«Ёшим элликка яқинлашиб қолди. Аммо, ҳар куни машғулот ўтказаман. Чунки, ўзимга-ўзим ваъда берганман. Сизга ҳам маслаҳатим шу. Ўзингизга ваъда беринг ва буни амалга оширинг. Машғулотларни тўхтатманг. Ўз мақсадингиз сари интилишда давом этинг. Албатта орзуингизга эришасиз», – дейди Цзю ўзбекистонлик ёш боксчиларга қарата.

Маълумот учун, Константин Борисович Цзю 1969 йил 19 сентябрида Россиянинг Свердловск областида туғилган. Ҳозирда Москвада яшайди. Россия ва Австралия фуқаролигига эга.

Профессионал боксда 33та жанг ўтказган ва 31 марта ғалабага эришиб, 2 марта мағлубиятга учраган. Ҳаваскор боксда эса 282 бор рингга кўтарилган (270та ғалаба, 12та мағлубият). У 1989 йили Москвада ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза олган, 1991 йил Сиднейда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган. У шунингдек, 1989 йил Афинада ва 1991 йил Гётеборгда ўтказилган Европа чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган.

Мавзуга оид