Спорт | 07:51 / 10.09.2018
5869
1 дақиқада ўқилади

Жокович US Open-2018’нинг 3 карра ғолибига айланди

Фото: Timothy A. Clary / Getty Images

Сербиялик теннисчи Новак Жокович “Катта дубулға” сериясига кирувчи АҚШ очиқ чемпионати – US Open-2018’нинг финалида аргентиналик Хуан Мартин дель Потрони мағлуб этди.

Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳси Жокович фойдасига 6:3, 7:6 (7:4), 6:3 ҳисобида якунланди. Учрашув 3 соат 15 дақиқа давом этган.
 
Шу тариқа, Жокович “Катта дубулға”га кирувчи мусобақаларнинг 14 карра, жумладан АҚШ очиқ чемпионатининг 3 карра (2011, 2015) ғолибига айланди. 

Жокович ва дель Потро учун бу учрашув уларнинг расмий мусобақалардаги ўзаро 19-учрашуви бўлди. Шахсий баҳсларда ҳисоб Жокович фойдасига 15-4 кўринишда.
 
Мусобақанинг мукофот жамғармаси рекорд даражадаги 53 млн долларни ташкил қилган. Бу қиймат 2013 йилдагига нисбатан 57 фоизга ошган. Бундан Жоковичга 3,8 млн доллар теккан. 

1973 йилдан бошлаб эркак ва аёл теннисчилар ушбу мусобақада бир хил миқдордаги мукофот пули оладилар.

Мавзуга оид