Жаҳон | 20:25 / 12.09.2018
9497
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Россиянинг ёлғонларидан зада бўлганини билдирди

Фото: Reuters

Россия Буюк Британиянинг Скрипаллар иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга уринишларига ҳамиша ёлғон билан жавоб қайтарган. Бу ҳақда Британия бош вазири Тереза Мэйнинг вакили сўзларига таяниб Reuters хабар бермоқда.

«Бу эркаклар (Скрипалларни заҳарлаганлар) — Россия ҳарбий разведкаси, ГРУнинг ходимлари. Ҳукумат ГРУнинг роли, унинг тезкор ходимлари ва иш услубини фош қилди ва иттифоқчиларимиз бизнинг нуқтаи назаримизни қўллаб-қувватлади», — деди у. Унинг сўзларига кўра, Британия Солсберида юз берган ҳодиса юзасидан кўп марта маълумот сўраган, аммо жавоб сифатида ҳар сафар ёлғон маълумот олган ва вазият ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ.

12 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Россия ҳукумати Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётганларни топганини билдирди.

«Биз уларнинг кимлигини биламиз, уларни топдик. Улар тез орада кўриниш беришади ва ўзлари ҳамма нарсани айтиб беришади деб умид қиламан, улар оддий фуқаролар. Бу ерда ҳеч қандай жиноий ҳолат йўқ», — деди у Шарқий иқтисодий форум сессиясида.

Ўтган ҳафтада, 5 сентябрь куни Буюк Британия ҳукумати Сергей ва Юлия Скрипалнинг заҳарланишида мамлакатга Александр Петров ва Руслан Боширов номлари билан келган «Разведка Бошқармаси ходимлари»ни айблаб чиққанди. 

Шундан сўнг Мэй суиқасдга катта эҳтимол билан Кремль томонидан рухсат берилгани ҳақида баёнот берди. Москва ўз навбатида бу айбловни рад этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид