Ўзбекистон | 21:40 / 19.09.2018
65074
7 дақиқада ўқилади

Ун ва ноннинг нархи нега ошмоқда?

15 сентябрдан бошлаб 1 кг 1-нав буғдой уни учун улгуржи сотиш нархи 1 400 сўм ҳамда қолипли ноннинг талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган эркин бозор нархи бўйича сотилиши белгиланганидан бехабар одам Ўзбекистонда қолмади, менимча.

Шу ўринда кимдир ҳукуматнинг ушбу қарорини қўллаб-қувватламоқда, кимдир эса уни танқид қилмоқда. Ҳамма ўзича ҳақ.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай оммабоп бўлмаган қарорлар турли давлатлар ҳукуматлари томонларидан фақатгина инкор этиб бўлмайдиган сабаблар мавжуд бўлганидагина қабул қилинади. Хўш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу қарорни қабул қилинишига қандай сабаблар таъсир кўрсатди?

Келинг, ҳиссиётларни ортда қолдириб, бу сабабларнинг илдизига қарайлик.

Авваламбор, ноннинг нархи охирги марта 2014 йилда оширилганди. Давлат 600 граммли қолипли ноннинг нархини 4 йил давомида ўзгаришсиз 650 сўм миқдорида сақлаб келган ва бу йўл билан аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширган. Ҳарқалай, бундан кўзланган мақсад шу эди. 

Бироқ, бу йўл билан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам манзилли бўлмади, яъни бундай преференциядан кам таъминланган оилалар билан бир қаторда жамиятнинг ўрта даромадли аъзолари ҳам, бой қатламлари ҳам фойдаланиб келган (жамиятнинг айрим ўзига тўқ қатламлари нима мақсадларда арзон нондан фойдалангани – бу алоҳида масала).

Иккинчидан, ноннинг нархи ошиши негизида инкор қилиб бўлмайдиган иқтисодий қонунлар ётибди. Аниқроқ қилиб тушунтириш учун оддий арифметика усулларини қўллаймиз. 
Маълумот учун: ҳисоб-китобларнинг қулайлигини таъминлаш ва тушунарли бўлиши учун буғдойдан ун олиш, ундан эса нон тайёрлаш билан боғлиқ иш ҳақи, электр энергияси, табиий газ, транспорт (ғаллани дон комбинатларига, унни нон заводларига ташиш), ичимлик суви ва бошқа харажатлар атайлаб ҳисобга олинмади.

Ҳозирги кунда 1 кг. буғдойнинг бозордаги энг арзон нархи 1 600 сўмни ташкил этади. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, 1 кг. буғдойдан ўртача 0,75 кг. ун маҳсулоти чиқади. Демак, 1 кг ун маҳсулотининг нархи 2 000 сўм атрофида бўлади (1 600 сўм / 750 гр *1 000 гр = 2 133 сўм, бироқ чиқадиган кепакни ҳам ҳисобга олиб, ўртача 2 000 сўм, деб ҳисоблайлик).

Лекин, ушбу буғдой унидан тайёрланадиган 1 кг қолипли ноннинг нархи ўртача 1 083 сўмни (650 сўм / 600 гр. * 1000 гр) ташкил этади. Шундан кўриниб турибдики, хомашёнинг нархи тайёр маҳсулот нархига нисбатан қарийб икки баравар юқори (бу ҳали бошқа харажатлар инобатга олинмаган ҳолда).

Албатта, ўқувчи айтиши мумкинки, давлат фермерлардан ғаллани арзон нархларда сотиб олган ва энди бундай мантиқ билан нархни ўзгартириш инсофданми? Тўғри, бундай амалиёт кеча кунгача бўлган, бунинг натижасида қанчадан-қанча фермерлар ҳалол меҳнати учун етарли даромад кўрмасдан қолган, уларда ғалланинг ҳосилдорлик миқдорини оширишдан манфаатдорлиги ҳам бўлмаган.

Бундан ташқари, фермерлар томонидан етиштирилган ғаллани шартномада белгиланган ҳажмдан ошиғи билан давлат ҳисобига олиб кетиш ҳолатлари юз берган. Режани бажармаган фермерларни эса турли жазо чораларини қўллаш билан қўрқитиб, ҳар хил қинғир-қийшиқ йўллар билан режани мажбурлаб бажартириш ҳолатлари ҳам яна бир яшириб бўлмайдиган ҳақиқатлардан биридир. Лекин, ўшанда ҳам қолипли ноннинг нархи ўз харажатларини қопламаган.

Аслида, бозор иқтисодиётида тайёр маҳсулотнинг нархи ҳеч қачон хомашёнинг нархига нисбатан, яъни мисол учун 1 кг. пахта ёғининг нархи 1 кг. пахта чигити нархидан ёки 1 кг. қаймоқ нархи 1 литр сигир сути нархидан арзон бўлмайди (албатта, нопок рақобатда қўлланиладиган демпинг ҳолатлари бундан мустасно). Бизда бундай ҳолат сунъий равишда яратилган, унинг касрига бир қатор муаммолар пайдо бўлган. 

Бунда, бозорда хаёлга келмайдиган вазият вужудга келди: яъни ғаллани қайта ишлаш жараёнида чиқадиган иккинчи даражали маҳсулот – кепак буғдой унидан қимматроқ бўлган. Натижада, айрим «тадбиркорлар» ўз чорвасини, шунингдек балиқ ва паррандаларини кепак билан эмас, балки арзон қолипли нон билан боқиб келган ҳолатлари ҳам тез-тез учраб турибди.

Учинчидан, ҳаммамизга таниш бўлган яна бир ҳолат жўяли омилга айланди. Дўкондан сотиб олинган қолипли нондан эртаси куни қайдайдир нохуш ҳид чиқиб, унинг мағзи ёпишқоқ елимга ўхшаб қолиши одатий ҳолга бўлди. Бу ноннинг сифатидан, аниқроқ айтганда унинг сифатсизлигидан дарак беради. Бизда нега бундай сифатсиз нонлар пиширилади? Ёки, новвойлар тажрибасиз бўлиб қолганми?

Йўқ, асосий сабаблардан бири, бу нон ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг асосий воситалари жисмонан ва маънан эскирганлиги, уларни янгилаш учун маблағлар етарли бўлмаганлигидир. Мазкур корхоналар ўзининг моддий-техника базасини янгилаш масаласи ҳали у ерда турсин, улар солиқлар бўйича миллионлаб ва миллиардлаб сўм қарзга ботиб кетган.

Нега пул уларга етмаяпти, деган саволга, ушбу корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган асосий маҳсулот – қолипли ноннинг нархи ўз таннархини ҳам қопламаслигини яна жавоб сифатида қайтариш мумкин.

Тўртинчидан, кенг истеъмол маҳсулотларига бир пайтнинг ўзида бозор нархлари ва давлат томонидан белгиланадиган нархлар бўлиши, шунингдек улар орасида кескин фарқ мавжудлиги кишиларда осон ва эгри йўллар билан мўмай даромад топишга интилишни кучайтиради ва натижада жамиятда коррупция содир этилишига қулай шароит яратилишига олиб келади.

Бу ҳолатнинг тасдиғи сифатида мисол келтиришимиз мумкинки, давлат томонидан 1-нав буғдой унининг белгиланган нархи 1 000 сўм атрофида бўлса-да, бозорда шу унни 2 500 сўмдан арзонроқ топа олмайсиз. Орадаги фарқ кимнинг чўнтагига кетяпти, деган савол, бу тегишли ҳуқуқ-тарғибот органларининг ваколатидадир.

Бешинчидан, 2014 йилдан шу кунга қадар ўтган 4 йил мобайнида иқтисодиётимизда анча ўзгаришлар содир бўлди. Масалан, энг кам иш ҳақи миқдори 96 105 сумдан ҳозирги кундаги 184 300 сўмгача ёки 1,9 бараварга ошган; электр энергияси 1 квт учун 120 сўмдан 228,6 сўмгача ҳамда табиий газ 1 м3 151,74 сумдан 289,4 сўмгача ёки иккаласи ҳам 1,9 бараварга ошган. Шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Табиийки, мазкур ўзгаришлар барча ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматларнинг таннархига тегишли миқдорларда албатта таъсир кўрсатади.

Нарх ўзгариши фонида юзага чиққан асосий мақсад –нархни ошириш эмас, балки миллий бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш, шунингдек ноннинг нархини бозорда мавжуд бўлган бошқа турдаги маҳсулотлар нархига нисбатан мувофиқлаштиришдир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, 1-нав буғдой уни ва қолипли ноннинг нархини ошириш учун сабаблар етарли даражадан ҳам кўпроқ тўпланиб қолгани кўриниб турибди. 

Ҳукуматнинг мазкур қарори иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги дадил қадамларидан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид