Жаҳон | 22:03 / 20.09.2018
9869
2 дақиқада ўқилади

Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ўғиллари озодликка чиқарилди 

Фото: AP / Khaled DeSouki

Қоҳира жиноят суди 100 минг Миср фунти (5,5 минг доллар) миқдоридаги гаров пули эвазига Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг ўғиллари ва биржадаги фирибгарликларда айбланаётган яна 7 айбланувчини озодликка чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда Youm7 портали маълум қилди.  

Муборакнинг ўғиллари Жамол ва Аъло ҳамда уларнинг собиқ ҳамкорлари жорий ҳафтада ҳибсга олинганди.

Кўплаб суд ишлари бўйича оқланган Муборакнинг ўғиллари 2015 йил бошидан бери озодликда бўлган, бироқ уларга қарши биржадаги фирибгарликлар бўйича иш ёпилмаган. Суднинг ушбу иш бўйича кейинги йиғилиши 20 ноябрда бўлиб ўтади.

Прокуратура Аъло ва Жамол Муборак ҳамда 7 нафар тадбиркорни Ҳусни Муборак ҳокимияти даврида Қоҳира биржасида фирибгарликлар ёрдамида ноқонуний бойиганликда айбламоқда. Гап, жумладан “Ал-Банк Ал-Ватани” банки акцияларини сотиш ҳақида бормоқда. Прокуратуранинг фикрича, айбланувчилар банк акцияларини майда акциядорлардан хорижий офшорларда қайд қилинган сохта компаниялар орқали сотиб олишган. Таъкидланишича, улар акцияларнинг сўнгги эгалари ҳақидаги маълумотни ошкор қилишмаган, бу эса Миср қимматбаҳо қоғозлар бозорида фаолият юритиш қоидаларининг бузилиши ҳисобланади.

Муборакнинг ўғиллари уларга қўйилаётган ушбу айбловларни рад этишмоқда.

Мавзуга оид