Ўзбекистон | 18:56 / 24.09.2018
62637
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси касалликлар туфайли энг кўп ўлим ҳолатлари қайд этилиши маълум бўлди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистонда касалланиш ва эрта ўлим ҳолатларининг асосий қисми юқумли бўлмаган касалликлар билан боғлиқ. Бу ҳақда Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини 2019-2022 йилларда ошириш бўйича концепцияда айтилади.

Қайд этилишича, 2017 йилда ўлим ҳолатларига сабаблар умумий тузилмасида биринчи ўринни қон айланиш тизими касалликлари эгаллаган - 59,7 фоиз. Уларнинг асосий сабаблари - юрак ишемия касаллиги, артериал гипертония ва асоратлари (миокард инфаркти, мия инсульти ва бошқалар). Кейинги поғонадан салбий ўсимталар (9,4 фоиз), нафас олиш органлари касалликлари (5,0 фоиз) ҳамда қандли диабет (3,5 фоиз) жой олди.

2014 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот аҳолининг учдан икки қисми етарли миқдорда сабзавотлар ва мевалар истеъмол қилмаслигини кўрсатган. Аҳолининг ярми ортиқча вазнга эга. Ёши катта фуқаронинг ҳар бешинчисида семизлик аниқланган, аҳолининг 46,3 фоизида қондаги холестерин даражаси юқори бўлган. 

Мавзуга оид