Спорт | 13:30 / 27.09.2018
13869
8 дақиқада ўқилади

«Реал» ва «Барселона» бир кунда ютқазди. Испания чемпионатида тур ўйинлари

Испания чемпионатида ҳафта ўртасида навбатдаги тур учрашувлари давом эттирилди. Олтинчи турда икки фаворит ҳам мағлубиятга учради.

«Леганес»га Оскар
«Леганес» - «Барселона» - 2:1
 (0:1)
Голлар: Коутинью, 12 (0:1). Эль-Жар, 52 (1:1). Оскар Родригес, 53 (2:1). 
«Леганес»: Куэльяр, Хуанфран, Бустинса, Рауль Гарсия, Тарин, Сильва, Эль-Жар (Ньом, 86), Весга (Мерино, 82), Рубен Перес, Оскар Родригес (Херард Гумбау, 74), Эн-Несири.
«Барселона»: тер Штеген, Серхи Роберто, Пике, Юмтити, Фермален (Жорди Альба, 70), Ракитич, Бускетс, Коутинью, Эл-Ҳаддоди (Суарес, 61), Месси, Дембеле (Малком, 71).
Огоҳлантиришлар: Рубен Перес, 40. Бустинса, 49. Юмтити, 60. Фермален, 64. Ньом, 88. Эн-Несири, 90+2. 
Ҳакам: Ундиано Мальенко (Испания).
26 сентябрь. Леганес. «Estadio Municipal de Butarque» стадиони.

Ўтган мавсумда барча «Барселона»нинг Ла Лигадаги мағлубиятсиз сериясидан ҳайратланганди. Бу рекорд яна узоқроқ давом этишини ҳам кутишганди. Каталонияликлар ишонч билан серияни давом эттиришган, мавсумни мағлубиятсиз якунлаб, «Арсенал»нинг 2004 йилги рекордни янгилаш томон боришаётганди. Аммо бу рўй бермади. Май ойи охирида, мавсум якуни арафасида «Барса» «Леванте»га сафар ўйинида 4:5 ҳисобида ютқазди. Бу ўйинда жамоа иккинчи бўлим бошида 1:5 ҳисобида ортда қолаётганди. Лондон жамоаси рекорди яна узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.

Бу мавсумда эса кўк-анорранглилар жамоасининг мағлубиятсиз серияси атиги 5 тур давом этди. Олтинчи турда яна бир кучсиз рақиб, турнир жадвалида охирги ўринда бораётган «Леганес»га мағлуб бўлинди - 1:2. Жамоа ўйинида пасайиш ўтган турда, шанба куни «Жирона»га қарши уй ўйинида ҳам сезилганди. Жамоа Каталония дербиси мақомидаги ўйинда очко йўқотганди - 2:2.

Мадрид яқинидаги ҳудуд шарафини ҳимоя қиладиган «Леганес» эса олтинчи турга қадар фақат бир ўйинда дуранг ўйнаб, 4 марта мағлуб бўлганди ва турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаб турганди. Бу жамоа шу вақтга қадар ҳеч қачон кўк-анорранглилар жамоасини мағлуб этишмаганди. Аммо ҳеч қачон ҳеч қачон демаслик керак экан.

«Леганес» иккинчи бўлимда 69 сония ичида меҳмонлар ҳимоячилари Фермален ва Пикенинг икки қўпол хатосидан унумли фойдаланди. Эл-Жар ва «Реал» тарбияланувчиси, «Леганес»га ижарага берилган 20 ёшли Оскар Родригеснинг зарбалари голга айланди. Родригеснинг голи «Барселона»ни нокаут ҳолатига туширди. Бу Мессининг кўк-анорранглилар жамоаси либосида ўтказган 700-ўйини бўлди. 

Икки кун ичида кучсиз рақиблар билан ўйинларда 5 очко йўқотган «Барселона» жуда сахийлик қилиб юбормоқда ва бу жамоага кейинчалик қимматга тушиши мумкин.

Севилья учбурчаги
«Севилья» - «Реал» - 3:0 
(3:0)
Голлар: Андре Силва, 17 (1:0). Андре Силва, 21 (2:0). Бен Йеддер, 39 (3:0). 
«Севилья»: Вацлик, Каррису, Гомес, Кьер, Хесус Навас, Сарабия, Банега (Меса, 90+1), Ф.Васкес, Арана (Нолито, 85), Бен Йеддер (Промес, 69), Андре Силва.
«Реал»: Куртуа, Начо (Л.Васкес, 59), Варан, Серхио Рамос, Марсело, Модрич (Себальос, 70), Каземиро, Кроос, Бэйл, Бензема (Диас, 59), Асенсио.
Огоҳлантиришлар: Бэйл, 27. Ф.Васкес, 34. Кроос, 64. Модрич, 65. Банега, 74. Сарабия, 79. Диас, 87. 
Ҳакам: Эрнандес Эрнандес (Испания).
26 сентябрь. Севилья. «Рамон Санчес Писхуан» стадиони.

Кейинги 3 мавсумда «Реал» дунёнинг энг кучли клуби бўлди - жамоа Чемпионлар лигасида қаторасига 3 марта ғолиб чиқди. Шу билан бирга, Мадрид жамоаси бу 3 йил давомида «Рамон Санчес Писхуан» стадионида бир марта ҳам ғалаба қозона олмади, уч мавсумдаги уч ўйин ҳам «Севилья»нинг ғалабаси билан якунланди. Кўринишидан, «қаймоқранглилар» жамоаси Севилья учбурчагига дуч келганди.

Чоршанба оқшомида «Реал»да бу вазиятни ўнглаш учун имконият пайдо бўлганди. Севильядаги ўйиндан аввал мадридликлар «Барселона» билан бирга турнир жадвалида қўшҳокимлик ўрнатиб турганди. Севильяликлар эса ўтган турларда «Бетис»га сафарда, ўз уйида «Хетафе»га ютқазишганди ва турнир жадвалида 11-ўринда жойлашганди. Аммо жамоа «Қироллик клуби»га қарши бошқа кайфиятда тушиши аниқ эди.

Бу кайфият ўйинда ҳам акс этди - танаффусга қадар «Севилья» 3 бор меҳмонлар дарвозасини ишғол этиб улгурди. Аввалига жамоанинг янги ҳужумчиси Андре Силва дублни расмийлаштирди ва Испания чемпионати тўпурарлар пойгасида биринчи ўринга чиқиб олди (6 гол).

Танаффус арафасида Бен Йеддер рақиб жарима майдонида эркин ҳаракат қилиб, Тибо Куртуани доғда қолдирди.

Охирги марта «Реал» биринчи бўлимда бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлиши 15 йил муқаддам, 2003 йил ноябрида кузатилганди. Бу ўйин ҳам «Рамон Санчес Писхуан»да кечган ва мадридликлар севильяликларга 0:4 ҳисобида ютқазишганди. Аммо бу сафар майдон эгалари 3тадан ортиқ гол ура олишмади, Модричнинг офсайддан урган голи инобатга олинмади.

Севильяликлар бош мураббийи Пабло Мачин қаторасига иккинчи ўйинда «Реал»ни мағлуб этмоқда. Ўтган мавсумда у «Жирона» раҳбарлигида мадридликлар устидан ғалабага эришганди.

Чемпионат етакчилари бир кунда мағлуб бўлишди. Икки жамоа чемпионат ўйинида бир кунда мағлубиятга учраши кейинги 3 йилда илк марта кузатилди - 2015 йилнинг 4 январида кўк-аноранглилар сафарда «Реал Сосьедад»га ютқазганди (0:1), «Қироллик клуби» эса «Валенсия»дан мағлуб бўлганди (1:2).

Бу жамоалар энди атрофдагиларга ўзларининг ожиз жиҳатларини ошкор этиб қўйишди. Испанияда соврин учун кураш давом этади.

Эндиликда «Барселона» ва «Реал» 13тадан очко билан биринчи ва иккинчи ўринларда жойлашган, бу турда «Уэска»ни ишончли тарзда мағлуб этган «Атлетико» 11 очко билан учинчи ўринга кўтарилган.

Испания чемпионати
6-тур
Атлетико – Уэска 3:0 
(3:0, 0:0)
Голлар: 1:0 – 16 Гризманн, 2:0 – 29 Парти, 3:0 – 33 Коке.
Атлетико – Облак, Карлос Исаак, Хименес (Люка Эрнандес, 39), Годин, Филипе Луис, Корреа, Парти, Коке, Лемар, Диего Коста (Желсон Мартинш, 65), Гризманн (Калинич, 53).
Уэска – Вернер, Мирамон, Эчейта, Рубен Семеду, Луизинью (Акапо, 69), Алекс Гальяр, Мелеро, Мусто, Феррейро, Эрнандес (Агилера Нуньес, 46), Лонго (Авила, 56).
Огоҳлантиришлар: Рубен Семеду (45), Мусто (67).

Валенсия – Сельта 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 25 Батшуайи, 1:1 – 82 Аспас.
Огоҳлантиришлар: Аспас (45), Мальо (48), Батшуайи (56), Бельтран (75).

Атлетик – Вильярреал 0:3 (0:0, 0:3)
Голлар: 0:1 – 65 Форнальс, 0:2 – 80 Фунес Мори, 0:3 – 89 Токо-Экамби.
Огоҳлантиришлар: Де Маркос (73), Руис (76).

Эспаньол – Эйбар 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 68 Эрмосо.
Огоҳлантиришлар: Гарсия (25), Баптистао (60), Жордан (66), Бигас (74).

Реал Сосьедад – Райо Вальекано 2:2 (1:2, 1:0)
Голлар: 1:0 – 5 Баутиста, 1:1 – 31 Адвинкула, 1:2 – 36, пенальти Трехо, 2:2 – 78 Виллиан Жозе.
Огоҳлантиришлар: Субельдия (15), Адвинкула (61), Какута (62), Морено (77), Мерино (81), Сальдуа (89), Трехо (90).

Мавзуга оид