Жаҳон | 01:32 / 27.09.2018
3849
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Хитой ўртасида янги божхона пункти очилади

27 сентябрда Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида “Нур Жоли” назорат-ўтказиш пунктини очиш режалаштирилган. Бу ҳақда вилоятнинг давлат даромадлари департаменти матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилинган.  

“Нур Жоли” (Қозоғистон) – “Хоргос” (Хитой)  ўтказиш пунктининг очилиши Қозоғистоннинг транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни бажаришга имкон беради. Бу эса транспорт оқимини самарали бошқариш, инфратузилмани ривожлантириш ва бизнес учун қулай шароитларни яратишга олиб келади.

Мажмуада иш куни давомида икки йўналиш бўйича 2,5 минг транспорт воситаси, жумладан 2200 та юк транспорт воситаси ва 300 та йўловчи транспорт воситаси (автобус ва енгил машиналар) ўтиши кўзда тутилган.  

Маълум қилинишича, янги ўтказиш пункти очилиши муносабати билан “Алтинкўл” (Қозоғистон) – “Хоргос” (Хитой) божхона постининг “Жаркент” ўтказиш пункти орқали маҳсулотлар ва транспорт воситалари ўтиши 25 сентябрдан тўхтатилган.  

Янги божхона постининг умумий майдони 50 гектарни, жумладан ўтказиш пункти ҳудуди 26 гектарни, транспорт-логистик маркази ҳудуди деярли 24 гектарни ташкил қилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид