Ўзбекистон | 08:16 / 02.10.2018
52723
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга сафари. Асосий воқеалар

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь - 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди

Давлат раҳбари дастлаб Агра шаҳрига ташриф буюрди. Ўзбекистон делегацияси аэропортда тантанали кутиб олинган. Президент бу ерда рафиқаси билан бирга жаҳонга машҳур Тож маҳал обидасини бориб кўрди.

Шундан сўнг президент Нью-Деҳлидаги “Палам” аэропортида Ҳиндистон анъаналарига хос тарзда кутиб олинди. Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

1 октябрь куни Ҳиндистонда президент Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон мадҳияси янгради. Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини тантанали кутиб олиш маросими Ҳиндистон президентининг саройида бўлиб ўтди. Мирзиёев Ўзбекистон ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари учун қисқа баёнот ҳам берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонни дунёдаги энг катта демократия деб атади, у билан ўзбек халқи тарихий алоқаларга эга эканлигини таъкидлади. «Мен меҳмондўст Ҳиндистон заминида бўлиб турганимдан жуда хурсандман. Ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбида Ҳиндистон алоҳида ўринга эга. Бизнинг халқларни тарихий алоқалар, ўхшаш урф-одатлар, маънавий ва маданий дунёнинг яқинлиги боғлаб туради. Биз учун Ҳиндистон - эзгулик ва бағрикенглик нурини таратиб турувчи буюк цивилизация. Бу дунёдаги энг катта демократия», - деди Мирзиёев.

Ҳиндистон бугунги кунда жадал ривожланиб, жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини мустаҳкамлаб бораётган глобал давлат. Биз олий даражадаги учрашувларимиз натижасида фаоллашиб бораётган Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатларининг бугунги суръатини юқори баҳолаймиз. Ишончим комилки, ушбу ташрифим ва самарали музокараларимиз стратегик шериклигимизни янги босқичга олиб чиқади, деди президент.

Шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Нью-Деҳли шаҳридаги «Раж Гхат» ёдгорлигига ташриф буюрди. Президент Ҳиндистон халқининг миллий қаҳрамони Маҳатма Ганди хотирасига ёқилган мангу олов ёнига гулчамбар қўйди. Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Нью-Деҳли шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сушма Сваражни қабул қилди. Давлат раҳбари Свараж хоним билан аввалги учрашувни мамнуният билан эслаб, улкан натижалар кутилаётган ушбу олий даражадаги ташрифда унинг хизматлари катта эканини таъкидлади.

Сўнг Шавкат Мирзиёев Нью-Деҳлида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан тор доирада учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоси бўлишга интилишини қўллаб-қувватлади. "Ҳиндистон билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги энг устувор жиҳатлардан биридир. Дунёнинг энг йирик давлатларидан бири бўлган Ҳиндистон глобал муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзо сифатида киришини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди", - деди Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар якунига кўра. 

Ўзбекистон ва Ҳиндистон космик соҳадаги ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиришмоқда. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича шу ҳақида маълум қилди. "Биз сизларнинг космик соҳа, инсон ресурслари ва ахборот технологияларини ривожлантиришга доир таклифларингизни қабул қиламиз. Ўзбекистонга бизнинг бу йўналишдаги тажрибамиздан фойдаланишини таклиф қилдик", - деди Ҳиндистон бош вазири.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди музокараларни кенг доирада давом эттиришди. Музокарада савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, юқори технологиялар, тиббиёт, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинган. 

Нью-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Модининг Қўшма баёноти қабул қилинди. Ташриф доирасида илмий-техник ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм, ҳарбий таълим, адлия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, фармацевтика, космосни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва бошқа соҳаларга доир 20та ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Андижон вилояти ва Гужарот штати, Самарқанд шаҳри ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисида битимлар имзоланган. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олингани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Деҳли шаҳридаги ўзи учун ажратилган қароргоҳда Ҳиндистон Республикаси вице-президенти, сенат раиси Венкая Найдуни қабул қилди. Учрашувда мамлакатлар алоқаларини ривожлантиришнинг турли жиҳатлари, ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Шундан кейин Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга давлат ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди. Давлат раҳбари 2 октябрь тунги соат 1:00ларда Нью-Деҳлидан Тошкентга келди. 

Мавзуга оид