Спорт | 10:47 / 03.10.2018
11387
3 дақиқада ўқилади

AIBA Ижроқўми ташкилотнинг собиқ раҳбарларини боксдан умрбод четлатишга қарор қилди

Чинг-Куо Ву / Фото: Sports Discourse

Халқаро Бокс Ассоциацияси (AIBA) Ижроия Қўмитаси 1 октябрь куни ташкилотнинг собиқ президенти Чинг-Куо Ву ва собиқ ижрочи директор Хо Кимни умрбод боксдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда AIBA ўз сайтида расмий баёнот билан чиққан.

Баёнотда айтилишича, Ижроқўмнинг ушбу қарори ратификация қилиш учун ноябрь ойида бўлиб ўтадиган ташкилот Конгресси кун тартибига киритилади.

Қайд этилишича, қўмитанинг бундай қарорга келишига «K2 Intelligence» тергов гуруҳининг хулосалари асос бўлган. Унга кўра, Чинг-Куо Ву ва Хо Ким ташкилот раҳбари сифатида фаолият юритган вақтда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ҳамда молиявий бошқарувда нотўғри ёндашувни қўллаган.

«K2 Intelligence» тергов-суриштирув компаниясининг хулосаси AIBA Конгрессида иштирок этувчи ташкилотга аъзо миллий федерацияларга тарқатилади. Конгрессда ушбу қарор якуний овозга қўйилади.

«Ижроия Қўмита бўлиб ўтган кўнгилхираликларни буткул ўтмишда қолдириш керак, деб ҳисоблайди. AIBA ва ҳаваскор бокс аввалги раҳбариятнинг ўз вазифасига бепарволик билан ёндашгани ва молиявий бошқарувни нотўғри йўлга қўйгани боис ўтган бир йил давомида жиддий қийинчиликларга дуч келди», - дея маълум қилган ташкилот ижрочи директори Том Виржец.

Виржецнинг таъкидлашича, «тақдим этилган хулосалар кўлами кишини ҳайратда қолдиради».

Маълумот ўрнида, Халқаро Бокс Ассоциацияси Ижроия қўмитаси 2017 йил ноябрь ойи бошида Чинг-Куо Вуни қатор интизомий айбловлар ва молиявий растратада гумонлаб, уни қўмитадан вақтинчалик четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Шундан сўнг ноябрь охирида тайванлик функционер ўз хоҳиши билан президентликдан истеъфога чиққан. 2018 йил январида бўлиб ўтган Конгресс мажлиси Вуга нисбатан ишончсизлик вотуми билдирганидан сўнг, унинг ўрнига ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов президент вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган эди.

AIBA`нинг навбатдаги Конгресси шу йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Москвада бўлиб ўтади. Унда ташкилотга янги президент сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Мавзуга оид