Жаҳон | 22:10 / 07.10.2018
5285
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда ҳаво тозаловчи автобус ишга тушди

Жамоатчилик транспорти атроф-муҳитга кўплаб зарарли моддаларни чиқаради. Бироқ биз транспортни экологик тоза қилган тақдиримизда ҳам, бу бизни ифлосланган ҳаво муаммосидан халос қила олмайди. Go-Ahead компанияси вакиллари айнан шу муаммо ечимини топишга ҳаракат қилишди - Буюк Британия шаҳарларидан бирида юрган йўлида ҳавони тозаловчи автобус ишга тушди. 

Британия жанубидаги Саутгемптон шаҳри аҳолиси ушбу тажрибада иштирок этишга муваффақ бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Саутгемптон дизель ёқилғисида ишловчи ҳаракатланиш воситаларининг кўплиги туфайли Буюк Британиянинг энг ифлосланган шаҳарларидан бири ҳисобланади, шундай экан, танлов ўзини оқлайди. 

Pall Aerospace компанияси мутахассислари махсус Bluestar фильтрларини ишлаб чиқиб, уни автобуснинг том қисмига жойлаштиришди. Фильтр катта автомобиль спойлери шаклида. У автобус ҳаракатга келиши билан ишлай бошлайди. Зарарли заррачалар фильтрда "ўтириб", ташқарига тоза ҳаво чиқади.

Тозаланаётган ҳаво ҳажми аҳамиятсиздек кўриниши мумкин, бироқ бундай эмас. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, автобус мунтазам ҳаракатланаётган вақтда йўл узра 10 метргача баландликкача бўлган ҳаво тозаланади. 

Автобус томига катта фильтрнинг жойлаштирилгани транспорт воситасининг ҳаракати ва унинг йўловчиларига ҳалақит бермайди. Шунингдек, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Саутгемптоннинг барча автобус паркларига шундай фильтрлар ўрнатилса, шаҳар ҳавоси йилда бир неча марта тўлиқ тозаланар экан. 

Go-Ahead раҳбари Дэвид Браун бу ҳақида шундай дейди: "Биз ўз лойиҳамиз билан автобуслар нафақат транспорт воситаси, балки экологик муаммоларнинг ечими ҳам эканини намойиш қилмоқчимиз".

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид